Бухоро вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси тизимида айни пайтда 2000 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади.
Йўл хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, билимларини ошириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Автомобиль йўллари қўмитаси ташаббуси билан корхона-ташкилотлар ишчи-ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди ва февраль ойида ўйиннинг вилоятлар бўйича ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда.
Бухоро шаҳридаги “Ёшлар” марказида Бухоро вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси таркибидаги муассасалар ишчи-ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг Бухоро вилоят ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ўйинда бошқарма таркибидаги корхоналардан жами 15 та жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоада 6 нафардан иштирокчи бўлиб, улар мутахассислар, йўлни сақлаш ишлари билан шуғулланувчи ходимлар ва оддий ишчилар ҳисобидан шакллантирилган.
Жами 90 нафар иштирокчи, шундан 16 нафари хотин-қизлар. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ўйинда мантиқий, тарихий, бошқотирма саволлар билан бирга, ходимларнинг соҳага оид қонунчиликдан қанчалик хабардор экани ҳам синовдан ўтказилди.
Беллашув давомида ҳудудий босқич ғолиблари аниқланди. Унга кўра, 1-ўрин “Бухоро минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат муассасаси “Бухоро Инсайт” жамоасига, 2-ўрин Когон туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси “Хумо” жамоасига, 3-ўрин Олот туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси “Бунёдкор” жамоасига насиб этди. Шунингдек, “Энг яхши сардор”, “Мантиқий саволлар билимдони”, “Энг китобсевар заковатчи”, “Энг тезкор заковатчи” номинациялари бўйича билимдонлар тақдирланди.
Ғолибларга статуэтка, диплом, қимматбаҳо совғалар топширилди. Қайд этиш лозимки, барча жамоалардан саралаб олинган 6 нафар иштирокчидан ташкил топган Бухоро терма жамоаси “Заковат”нинг Республика босқичида иштирок этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА