Давлат раҳбарининг топшириғига асосан Бухоро вилоятига Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани бириктирилган.
Бошқача айтганда, мазкур туман Бухоро тажрибаси асосида равнақ топмоқда.
Хўжайлида иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори йўлсозликда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бухоро вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассисларининг ҳудуддаги ўрганишлари натижасида маълум бўлишича, айни кунда туманда ички хўжалик йўли 599 километрни ташкил этмоқда.
Шундан 165 километр йўл ўтган йиллар мобайнида асфальтлаштирилган. Умумий йўлнинг 294 километр қисми шағаллаштирилган. Натижада қуриш-кенгайтириш ва асфальтлаштиришга муҳтож 100 километрдан ортиқ йўл тупроқлигича қолмоқда.

Бошқарманинг айни кунда йигирмадан ортиқ ишчи-мутахассисидан иборат жамоаси томонидан сўнгги ойда “Сомонкўл” овул фуқаролар йиғини 6-бригада кўчасининг 1,6 километр, Гулшан 1-кўчасининг 0,3 километр йўл қисмини шағаллаштириб, Хўжайли тумани маҳаллий йўлсозлар жамоаси билан ҳамкорликда марказий кўчаларни асфальтлаштиришда жонбозлик кўрсатилди. Бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА