Бухорода тиббиёт ходимларининг касб байрами куни кенг нишонлади. Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида байрам тадбири ўтказилди. Маросимга вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари ходимлари, тиббиётчи олимлар ва мутахассислар, соҳа фахрийлари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов тадбир иштирокчилари ва вилоятдаги барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади. Таъкидланганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳоли учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан бир гуруҳ бухоролик фидойилар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги алоҳида эътироф этилди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш орқали инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни шу мақсадда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-9549]
Охирги беш-олти йилликда 91 та тиббиёт муассасаларида қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. 500 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассасалари ташкил қилинди. 81 та оилавий поликлиника ва 94 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилди. 17 та республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.Чекка ҳудудларда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида жорий йилда 120 та контейнерлар негизида 73 та маҳалла тиббиёт пунктлари иш бошлади.
Ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари томонидан республика даражасидаги 17 мингга яқин юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бу орқали фуқароларнинг бошқа ҳудудларга бориб тиббий хизмат олиш зарурияти қарийб 3 бараварга камайишига эришилди.
Муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар инфратузилмаларини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми 3 бараварга кўпайтирилди. Хорижий давлатларнинг етакчи тиббиёт марказларида 100 нафардан ортиқ соҳа ходимларининг малакаси оширилди.
Тез тиббий ёрдам масканларида ташкил қилинган бригадалар 100 та автотранспорт воситаси билан таъминланди. “Тез тиббий ёрдам” тизимидаги ислоҳотлар натижасида тиббий ёрдамнинг кечикишлари 10-12 фоиздан 0,5-0,6 фоизгача, чақириқларга етиб бориш вақти эса ўртача 25-30 дақиқадан 8-10 дақиқагача камайишига эришилди. Шаҳар ва туманларда “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Онко-назорат хонаси”, “Она ва бола кластер хонаси”, “Қизлар гинекологияси хонаси”, “Қизлар саломатлиги маркази” иш бошлади.
Соҳа тубдан ислоҳ қилинаётгани баробарида, қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, вилоятдаги тиббиёт марказларида кардиохирургия, нейроонкология ва реконструктив хирургия, фтизиохирургия, дерматовенерология, шошилинч ёрдам ва педиатрия соҳаларида нафақат вилоятда, балки республикада илк маротаба 1 минг 700 турдан ортиқ аввалдан бажарилмаган юқори технологияли муолажалар ва жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Тадбирда иш фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров, Жондор туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Тамара Бекимбетова, Бухоро давлат тиббиёт институти 1-акушерлик ва гинекология кафедраси мудири Гулчеҳра Ихтияровага “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.
– 25 йилдан буён шу даргоҳда ишлайман, – дейди Бухоро шаҳар болалар Мурувват уйи ҳамшираси Ўғилжамол Йўлдошева. – Сўнгги 5 йил давомида Давлат раҳбари томонидан биз соҳа эгаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳнатимиз рағбат топмоқда. Бугун Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландим. Бундан жуда хурсандман. Инсон қадри улуғланган юртда яшаётганимдан фахрланаман.
Шу куни Бухоро шаҳридаги муҳташам тантаналар мажмуасида тиббиёт ходимлари шарафига байрам дастурхони ёзилди. Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА