Бухоро вилояти “кумуш тола” ижодкорлари пилла етиштириш бўйича шартномавий режани уддалашди.
Жорий йилги мавсумда вилоят туманларида 5 та пиллачилик кластери ва узоқ йиллик тажрибага эга пиллакорлар томонидан 48 минг 877 қути ипак қурти парваришланди. 3 минг 143 тонна ўрнига 3 минг 158 тоннага етказиб пилла хом ашёси олинди ва белгиланган режа 100,5 фоизга бажарилди. Бу саъй-ҳаракат туфайли 119 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Улар оз эмас, кўп эмас, нақд 130 миллиард сўм даромад кўрди.

Мавсум аввалида ҳудуддаги ипакчилик кластерлари томонидан ипак қурти уруғлари инкубаторияларда жонлантирилиб, маҳалла ва қишлоқлардаги пилла етиштирувчиларга тўлиқ тарқатилди ва рағбатлантириш ўрнида, уларга умумий ҳисобда 24,4 миллиард сўм аванс—бўнак маблағ тўлаб берилгани касаначи ва оилавий звеноларга алоҳида иштиёқ бағишлади.
Ҳукуматимизнинг ёрдами билан ҳар бир қути ипак қурти ҳисобига пиллакор оилаларга аванс тариқасида 500 минг сўмдан пул берилди.
Маҳсулот етиштириш учун зарур воситалар, асбоб-ускуна ва дастаклар касаначи ва оилавий звеноларга қайта ишловчи корхоналар томонидан етказиб берилгани, жумладан, 60,2 тонна тўшама қоғоз, 16 минг дона термометр, 5 тонна миқдорида формалин, 24,4 минг дона психометр, 20 минг метр бўз, 2 тонна атрофида съёмниклар билан таъминлангани меҳнат муваффақиятига замин яратди.

Жорий йил ҳосили учун режадан ортиқча ва сифатли пилла хомашёси етиштирган звеноларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида мукофотлар ташкил қилинди ва режадан ортиқча топширилган ҳар бир килограмм пилла ҳосили учун 50 минг сўмдан тарози бошида нақд пул берилди.
Соҳа мутахассислари, пиллакор агрономлар, тажрибали пиллакорлар томонидан ипак қурти парвариши назоратга олингани, кўп йиллик иш услубига эга оилавий звено бошлиқлари саъй-ҳаракати, ўз вақтида сифатли озуқа–тут барги билан таъминланганлиги эвазига вилоят пиллакорлари зафар қучди.

Бунда, айниқса, Шофиркон, Ромитан, Ғиждувон, Пешку, Бухоро, Ромитан ва Олот туманлари пешқадам бўлди. Бугун яратилган “кумуш тола” хирмонида пешқадам сифатида Ромитан туманидаги Халқобод, Челонғу, Боғитуркон, Шофиркон туманидаги Мазлахон Чандир, Боғиафзал, Денов ва Искогаре, Вобкент туманидаги Кумушкент, Қўнғирот, Халач, Янгикент, Қоракўл туманидаги Қозон, Қораҳожи, Сайёд, Қораун, Пешкў
туманидаги Зандани, Қалъаи Миришкор, Дўстлик, Туркистон, Олот туманидаги Баҳористон, Денов, Давлатобод, Бухоро туманидаги Янги турмуш, Сўфикоргар, Қавола Маҳмуд, Работиқалмоқ каби ҳудудлар ва улардаги оилавий звенолар ҳиссаси катта бўлди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил якунига қадар етиштирилган ҳосилдан 10,4 миллион АҚШ долларига тенг пилла хомашёсини чет давлатлардаги ҳамкорларга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, 1 тонна пилладан 350 килограмм атрофида момиқ ипак тола олинса, ундан 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас ва бошқа маҳсулотлар олиш мумкин. Муҳими, соҳани ривожлантириш орқали минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири