English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоролик пиллакорлар маррада биринчи
10:55 / 2025-05-29

Саноат учун ноёб ва қимматбаҳо хомашё саналган пилла етиштиришда бухоролик “кумуш тола” ижодкорлари жорий мавсумда ҳам давлатга пилла сотиш режасини республикада биринчи бўлиб бажарди. Бухоролик пиллакорлар  қабул пунктларига 3 минг 186 тонна сара хомашё топширди.

Жорий йилги мавсумда вилоят туманларида “Romstar”, “Kumushkent ipagi”, “Gʻijduvon ipak tola”, “Silk seriyes”, “Silklili” каби масъулияти чекланган жамиятлар пиллачилик кластери ва улар билан ҳамкорликда фаолият юритган фермер хўжаликлари, оилавий звенолар ва касаначилар ҳисобидан 110 мингга яқин аҳоли вакилининг бандлиги таъминланди.

Ипак қурти парваришида банд бўлган оилавий звенолар ва касаначилар бир ойдан ошиқ меҳнат даврида 130 миллиард сўмдан ошириб умумий даромад кўрди. Уларга ипак қурти тарқатиш олдидан 26 миллиард 200 миллион сўм атрофида аванс пули тарқатилгани, қолаверса, маҳсулот етиштириш учун зарур воситалар, асбоб-ускуна ва дастаклар касаначи ва оилавий звеноларга қайта ишловчи корхоналар томонидан етказиб берилган. 

Маҳаллий иқлим шароитида ҳар бир қути ипак қуртидан ўртача 65-70 килограмм ҳосил олинди. Ҳудудлардаги пиллакор агрономлар саъй-ҳаракати, ўз вақтида сифатли озуқа билан таъминланганлиги эвазига вилоят пиллакорлари зиммаларига олган масъулиятли вазифани ортиғи билан бажарди. Бунда Олот, Ромитан, Шофиркон, Когон, Пешку, Бухоро, Вобкент ва Қоракўл туманлари миришкорлари пешқадам бўлди.

Жорий йил етиштирилган “кумуш тола” ҳосилини қайта ишлашдан умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг пилла хомашёсини чет элдаги ҳамкорларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.