Иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг истеъдодини ривожлантириш мақсадида умумтаълим фанлари бўйича бир қанча республика ва халқаро фан мусобақалари ташкил этиб келинмоқда.
Фахр билан айтиш керакки, бугунги кунда билимдонлар сафида жаҳон майдонларида муваффақият қозониб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келаётган бухоролик ўқувчилар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.
Жумладан, жорий йилда Туркманистон давлатининг Ашхобод шаҳрида “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” доирасида ўтказилган 2-халқаро математика олимпиадасида иштирок этган бухоролик ўқувчиларнинг 6 нафари (2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза) Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолиблар сафидан жой олди.
Иордания давлатининг Аммон шаҳрида ўтказилган халқаро инглиз тили олимпиадаси (ELO)да вилоят ўқувчиларидан иборат жамоа 9 та кумуш медални қўлга киритди. Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида 4 та кумуш ва 5 та бронза, Сочида ўтказилган очиқ халқаро биология олимпиадасида эса 3 та бронза ва 1 та кумуш медалга сазовор бўлди.
Умумий ҳисобда 2025 йилда иқтидорли ўқувчиларимиз томонидан Халқаро фан олимпиадаларида 28 та (2 та олтин, 16 та кумуш, 10 та бронза) медаль қўлга киритилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири