Бухорода “Фидоий устоз — миллат фахри” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унда юзлаб ўғил-қизларни юқори марраларга етаклаётган бухоролик ўқитувчи Биллура Икромова тақдирланди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов сўзга чиқди. Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этишда энг муҳим устувор йўналишлардан бири — бу таълим ва тарбия соҳасини ривожлантириш, ҳар бир болага сифатли таълим олиш имконини яратишдир. Ана шундай юксак мақсад йўлида елкадош бўлаётган, ўз билим ва тажрибасини аямай, фидокорона меҳнат қилаётган ўқитувчилар орасида Биллуранинг алоҳида ўрни бор.

– Сиз нафақат хориждаги нуфузли таълим муассасасини муваффақиятли тамомлаб қайтган, балки олис Қизилравот қишлоғига бориб, бир неча йилдан буён инглиз тили ўқитувчиси бўлмаган мактабда фаолият бошлаб, самарали натижаларга эришган педагог сифатида эътирофга лойиқсиз, – деди вилоят ҳокими Б.Зарипов. – Энг муҳими сиз нафақат ўқитувчи, балки ташаббускор, илғор ғоялар муаллифи, лидер сифатида кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб, мамлакатимизга инвестициялар олиб киришга ҳисса қўшаётганингиз бу — ҳақиқий фидойилик намунасидир.
Фидойи устоз Биллура Икромовага юксак ишонч ва эътироф рамзи сифатида Президент совғаси — замонавий BYD электромобили топширилди.

– Президентимизнинг берган имкониятларидан фойдаланиб мана шундай эътирофга сазовор бўлдим, – дейди Биллура Икромова. – Шунга амин бўлдимки, бирон бир инсоннинг меҳнати қадрланмай қолмайди. Менинг ҳам кичик бир меҳнатим давлат раҳбари томонидан қадр топди, эътироф этилди. Шу ерда тўпланган ёшларга илм олишдан ҳеч қачон чарчаманглар дейман. Агар чин дилдан билим олсангиз албатта сизнинг қилган меҳнатингиз юксакларга кўтарилади. Аслида бугун мени шу ютуққа эришишимда Президентимнинг, ота-онамнинг, турмуш ўртоғимнинг меҳнати катта. Агар ҳар бир аёл оилада қўллаб-қувватланса албатта у юксак марраларга эришади. Мен оддий оиланинг фарзандиман. Отам нонвой, онам ўқитувчи бўлиб ишлаган. Аслида бугунги ютуқ мени вояга етказган, мени оқ тараб, оқ ювган ва мени ҳаётда ўз ўрнимга эга бўлишимда кўмак берган ота-онамникидир. Бугун уларнинг таълимга киритган инвестицияси самара бера бошлади. Оила қурганимдан сўнг турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши туфайли шу даражага етдим. Улар менга олис ҳудудга бориб келишим учун шароит яратиб берди. Буни уддалашимга ишонч билдирди. Елкама-елка мен билан бирга меҳнат қилди. Бу мукофот менга жуда катта масъулият юклади.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, Биллуранинг оила-аъзолари, профессор-ўқитувчилар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири.