Ҳар йилги анъанага мувофиқ ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланиши олдидан Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги тегишли соҳа мутасаддилари, пахтачилик-ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилотлар, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар масъуллари Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида жам бўлди.
Тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, бободеҳқонлар олдидаги машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларда куч-қувват, юртимизда мўл-кўлчилик, тўкин-сочинлик барқарор бўлишини тилаб дуо қилинди.
Жорий йилги ўрим мавсумига 185 дона комбайн, 925 дона юк ташиш машинаси, 163 дона ўт ўргич ва 134 дона зичлаб боғлагич мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Мавсум давомида комбайн ҳайдовчиларига етарли шарт-шароит яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий рағбатлантириш масалалари ҳам эътиборга олинган.

Вилоятда 2025 йил ҳосили учун 2 минг 931 та фермер хўжалиги томонидан 65 минг гектар, шундан, 16 минг 720 гектар ғўза қатор орасига ва 48 минг 280 гектар очиқ майдонда вилоят тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган ғалла навлари парваришланди.

Ғаллакорлар 573 минг тонна ғалла ишлаб чиқаришни, шундан, 190 минг тонна ғаллани давлатга сотишни, жумладан, 174,3 минг тонна товар дон ва 15,7 минг тонна уруғлик дон етказиб беришни мақсад қилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.