Президентимизнинг жорий йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан Янги йил арафасида аҳолининг маълум қатламларига кирувчи оилаларга 800 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Бухоро вилоятида қарор асосида 16 минг 557 та оилага 13,2 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилади. Бир марталик моддий ёрдам “Темир дафтар” рўйхатида бўлган ҳамда 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилалар ва 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга берилади. Шу тоифадаги оилаларнинг рўйхатлари тузилиб, бир марталик моддий ёрдам тўлаш бўйича далолатномалар Халқ банкига тақдим этилди. Байрамгача бу оилалар 800 минг сўмдан моддий ёрдам пулини олади.
– Президентимизга раҳмат, – дейди Бухоро шаҳридаги 43-сонли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гульнара Далиева. – Байрам арафасида 800 минг сўм моддий ёрдам пули олдим. Бу янги йилни фарзандларим билан хуш хурсанд ўтказишда катта мадад бўлди.
Президентимиз қарорига кўра берилаётган моддий ёрдам пуллари жорий йилнинг 30 декабрига қадар манзилли етказилиши таъминланади.
Зариф Комилов, ЎзА