Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорога келувчи сайёҳлар сафи кенгаймоқда
13:14 / 2022-07-12

Қурбон ҳайити муносабати билан тақдим этилган имтиёзлар қадим Бухорога сайёҳлар оқимини кенгайтирди.

Музейлар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, маданий мерос объектлари шаҳар меҳмонларига янада кўтаринки кайфият улашмоқда. 

Маълумотларга кўра, биргина Бухоро музейларининг иш вақти кечки 22.00га қадар узайтирилди. 30 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинди. Олмалиқлик меҳнат жамоаси бу имкониятлардан бениҳоя мамнун эканликларини ўз сўзларида яққол баён этди.

– Қурбон ҳайити муносабати билан Шариф шаҳар Бухорони айлангани келдик, – дейди  Тошкент вилоятидан келган сайёҳ Ҳамира Абдуллаева. –Улуғ кунларда етти пир зиёратини амалга оширдик. Шаҳарга биринчи маротаба келишимиз. Жуда ҳам таассуротларга бой бўлдик. Бухоро эртакнома шаҳар экан. Давлат раҳбари яратилган барча имконият ва имтиёзлардан фойдаландик. 

Қўшни Навоий вилоятида яшаб, Бухорони кўриш орзусида бўлган бир гуруҳ меҳмонларда ҳам худди шундай таассуротлар. Айниқса, Қурбон ҳайити байрамини қадим шаҳарда нишонлашгани улар учун унутилмас онларни ҳадя этди.

–Дўстларимиз билан 4 кунлик дам олиш кунларида кўҳна ва боқий Бухорони зиёрат қилдик, – дейди Навоий вилоятидан ташриф буюрган сайёҳ Аброр Туробов. – Айниқса, Қурбон ҳайити муносабати билан жуда катта чегирмалардан фойдаландик. Шундай муборак кунда зиёратлар қилганимиз бизга жуда катта таассуротлар қолдирди. 

Маҳаллий сайёҳлар билан тўлиб тошган Бухорои шариф ҳар галгидек хорижлик меҳмонлар учун ҳам ўз бағрини очган. Чет эллик фуқаролар ҳам берилган имтиёзлар, шаҳар гўзаллиги, туристлар учун яратилган шарт-шароитлардан бениҳоя мамнун. Улар юртимизнинг қадим шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилиб, ўзгача ҳайрат туюшмоқда.

– Қизим билан бугун Бухорода меҳмонмиз, –дейди испаниялик сайёҳ Чаро Лабон. – Севильядан келдик. Очиғи, қизимнинг Бухоро, Самарқанд ва Хива ҳақида ўқиганлари мени бу эртакнамо шаҳарга етаклаб келди. Ҳозиргача кўрганларим, мен кутганимдан ҳам ортиқроқ таассурот қолдирмоқда. Биринчи навбатда бизни ҳайратда қолдиргани бу халқингизнинг меҳмондўстлиги бўлди. Хушмуомала инсонларнинг кўрсатаётган кўмагидан мамнунмиз. Тарихий обидаларга келсак, улар биз ўқигандек маҳобатли экан. Ҳозиргача татиган таомларимиз бизга жуда маъқул келди. Аммо режага кўра, ҳали Бухорода оши софини ўз қўлимиз билан тайёрлашни режалаштиряпмиз. Очиғи тааccуротларимизнинг чеки-чегараси йўқ.

– Испаниянинг Кастилия ва Лион ҳудудидан келдим, – дейди испаниялик сайёҳ Лаура Кореа. – Бугун дўстларимиз билан Бухоро шаҳрига келдик. Ўзбекистонга қизиқишимиз жуда юқори эди. Аммо карантин чекловлари сабаб кела олмадик. Пандемия тугагач, албатта келамиз, деб ният қилгандик. Бугун орзуимиз амалга ошди. Ўзимиз ўқитувчимиз. Талабалик пайтимизда Буюк ипак йўли ва бу ҳудудда жойлашган кўплаб қадимий шаҳарлар ҳақида ўқиган эдик. Бизга юртингиз маданияти бой тарихи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш жуда мароқ бағишлаяпти. Ҳозирча кутган натижаларга эришяпмиз. Аммо келгусида Бухоро ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишни ҳам режалаштирганмиз. 

Етти пир қадамжоларида яратилган инфраструктура бугун вилоятнинг туристик салоҳиятини янада оширмоқда. Эски шаҳардан тортиб Бухоронинг турли ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларининг аниқ бир маршрутга киритилиши маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни оҳанграбодек ўзига чорлаяпти. Айниқса, меҳмонхона, транспорт, овқатланиш шахобчаларидаги замонавий қиёфа, сифатли хизмат меҳмонларга бой таассурот, мароқли хордиқ улашмоқда.

Биз Бухорога яна ва яна келишни дилимизга тугиб қўйдик. Бизни Бухоро ўзига мафтун айлади. Бухоро мен ўйлаганда улуғвор шаҳар экан. Ҳа, бугун қайси бир сайёҳдан сафар таассуротлари ҳақида фикр сўраманг, хоҳ у маҳаллий бўлсин, хоҳ хорижлик  мана шундай сўзларни тўлиб-тошиб баён этаётгани кишини ўзгача тўлқинлатиради. Бунинг барчаси юртдаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, давлат сиёсати даражасига кўтарилган тизимдаги ислоҳотлар, меҳмондўст халқ ва унинг буюк аждодларининг бой меросини бир-бирига чамбарчас боғлаган тушунчалар маҳсулидир.

Зариф Комилов,  Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА