Бухоро мактабларида бюджет маблағларини тежаш мақсадида чиқинди контейнерларини тайёрлаш йўлга қўйилди.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, умумтаълим мактаблари атрофи озодалигини таъминлаш, бюджет маблағларини тежаш ва чиқинди контейнерларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан янги ташаббусга қўл урилди. Эндиликда чиқинди контейнерлари халқ таълими бўлимларининг махсус таъмирлаш-эксплутация хизматлари томонидан тайёрланади.
– Илгари мазкур контейнерларнинг ҳар бири тайёр ҳолда 7,5 миллионга харид қилиб олинарди, – дейди бошқарманинг қурилиш бўлими етакчи мутахассиси Сухроб Рўзиев. – Бу жуда катта маблағ талаб этади, албатта. Биз ана шу маблағни тежаш мақсадида контейнер материалларини сотиб олиб, уни ўзимиз тайёрлашга қарор қилдик. Бунда ҳар бир контейнер учун 6 миллион сўмдан ошиқроқ маблағни тежаб қолишимиз мумкин.
Когон туманида халқ таълими бўлими махсус таьмирлаш-эксплуатация хизмати бош муҳандислари ва пайвандчилари иштирокида ушбу контейнерларни сифатли тайёрлашга оид ўқув-семинари ҳам ташкил этилди.
Зариф Комилов, ЎзА