Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухородаги яна 15 та мактаб “Замин” фонди кўмагида сув билан таъминланади
14:30 / 2022-09-29

“Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бухоро вилояти Ромитан ва Шофиркон туманларидаги мактабларга ташриф буюрди. “Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида сув таъминоти, санитария ва гигиена” лойиҳасининг натижалари билан танишди. Ўқувчилар билан сувдан оқилона фойдаланиш, санитария ва гигиенанинг соғлом турмуш учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

Бугунги кунда вилоятдаги 16 та умумтаълим мактабида қудуқлардан сув билан таъминлаш, сувни фильтрлаш ва хавфсиз ичимлик суви даражасигача чучуклаштириш тизимлари ўрнатилган. Сув таъминоти ва канализациянинг ички ва ташқи муҳандислик тармоқлари, ҳожатхона ва душ хоналари қурилган. Шунингдек, оқова сувларни суғорма сув даражасигача биологик тозалаш тизимлари ўрнатилган. 

Мактаблар жойлашган ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичи учун Бухоро вилоятидаги яна 15 та умумтаълим мактаби танлаб олинган. Лойиҳа БМТ Болалар фонди (ЮНИCЕФ), “Ўзсувтаъминот” АЖ, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 

Шунингдек, Зироат Мирзиёева Бухородаги 123-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ташриф буюриб, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Болалар ўз ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Уларни экология мавзусига қизиқтириш учун меҳмонлар “Zamin Eco education” ўқувчилари билан биргаликда дарахт экиш акциясини ўтказишди. Тадбир давомида “ақлли суғориш” тизими намойиш этилди. 

Ҳаво ҳарорати ва намлик даражасини ўлчайдиган датчиклар туфайли суғориш учун керакли сув ҳажми ҳисоблаб чиқилади. Ушбу тизим билан танишув орқали мактаб ўқувчиларига сувни тежаш нақадар муҳимлиги тушунтирилди. 

 

Зариф Комилов, ЎзА