Мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Бухоро вилоятидаги мактабларда ҳам “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” садолари жаранглади.
Бухоро шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил янги ўқув йили арафасида мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бошланаётган 2023-2024 ўқув йили ҳам мактаб таълими тизимида юксак ўзгаришлар даври бўлиши белгилаб берилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Тизимда олиб борилган ислоҳотлар ўтган 2022-2023 ўқув йили вилоят мактабгача ва мактаб таълимида ҳам ўзининг ижобий самарасини кўрсатганлиги алоҳида қайд этилди.
Якунланган ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 11-синфини 21944 нафар йигит-қиз тамомлаган бўлса, уларнинг 676 нафари мактабни олтин, 147 нафари кумуш медаллар билан тамомлади. 500 нафардан ортиқ бухоролик ўқувчи мактаб партасидаёқ хорижий институтлар ва университетлар талабалари сафидан ўрин олди. Натижаларга кўра, битирувчиларнинг 45,9 фоизига талабалик шарафи насиб этди. Бу ўтган йилдаги кўрсаткичдан 6.2 фоизга кўп.
Иқтидорли ўқувчиларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларидаги натижалари ҳам салмоқли бўлди. Уларнинг 8 нафари республика фан беллашувларида ғолибликка эришган бўлса, халқаро фан олимпиадаларида 7 та кумуш ва 12 та бронза медали қўлга киритилди.
Бу каби натижаларни 2023-2024 ўқув йилида янада юксалтириш мақсадида умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини бойитиш ва ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2023 йилда ҳам инвестиция дастури доирасида 13 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда 1 та янги мактаб қурилиб, 12 тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Таълим муассасаларининг эҳтиёжларини таъминлашда “Ташаббусли бюджет” имкониятларидан тобора кенг фойдаланилмоқда. Биргина, мазкур лойиҳанинг жорий йилги 1-босқичида 124 та таълим муассасаси ғолиб, деб топилди. Ажратилган 100,4 миллиард сўмлик маблағ ҳисобига уларнинг синф хоналари, спорт заллари таъмирланди, замонавий жиҳозланди, мактаблар ҳудуди ободонлаштирилди.
[gallery-13422]
Вилоят ҳокими ўқувчилар ва уларнинг устозларини “Билимлар куни” билан табриклади. Бошланаётган янги ўқув йилида уларга омад тилади.
Шундан сўнг биринчи қўнғироқ жаранг сочди.
Бухоро шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 1-синфга қабул қилинган 245 нафар ўқувчиларга 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими “Мустақиллик дарси” да иштирок этди. Ўқувчиларга бугунги бахтли ва фаровон ҳаётни қадрлаш, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш, бунинг учун чуқур билим олиб, Янги Ўзбекистон равнақи учун астойдил хизмат қилиш, Ватанга муносиб фарзанд бўлиш лозимлигини уқтирди.
Маълумот учун, 2023-2024 ўқув йилида вилоят мактабларининг 1-синфига 35 минг 350 нафар ўқувчилар қабул қилинди. Илм масканига илк қадам қўяётган бу жажжи ўғил-қизларга Президентимиз томонидан 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” топширилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА