Бухоро вилоятидаги 91 та маҳаллада жорий йилнинг ўтган 10 ойида жиноятчилик суръати кўпайган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиевнинг ташаббуси билан жиноятчилик ошган барча маҳаллаларда вилоят ИИБ соҳавий хизмат ходимлари бириктирилди. Бу жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларига амалий кўмак бўлди.
Шофиркон туманидаги Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўтган давр мобайнида содир этилган жиноятлар сони ортган.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари томонидан ушбу маҳаллада содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинди. Оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган оилалар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Маҳалла ҳудудидаги аҳоли хонадонлари, савдо мажмуаларида ўрнатилган кузатув камералари тафтишдан ўтказилди. Яроқсизларини янгисига алмаштириш ва қўшимча равишда янги камералар ўрнатиш борасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ушбу камераларни таянч пунктига интеграция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Кузатув камераларини ўрнатиш борасида олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида, шу куннинг ўзида 2 нафар фуқаролар томонидан ўз хонадони ва ён атрофида кузатув камераси ўрнатиш истаги билдирилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.

Туман ҳудудидаги 38-сонли умумий ўрта таълим мактаби раҳбарияти ва ўқитувчилари билан биргаликда сабабсиз дарс машғулотларига қатнашмасдан юрган, турли ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, тарбияси оғир ўқувчиларнинг ота-оналари билан якка тартибдаги профилактик ишлари кучайтирилди. Туман ички ишлар бўлимининг профилактик ҳисобида турган шахслар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг жиноят суръати ошган 91 та маҳаллаларнинг барчасида амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА