Бухоро вилоятида Президентимизнинг 2023 йил 20 апрелдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида муборак ҳайит байрами юксак савияда нишонланмоқда.
Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар қатори бухороликлар ҳам эрта тонгдан вилоятдаги 102 та жоме масжидда ҳайит намозини ўқишди. Унда 100 мингдан ошиқ намозхонлар қатнашди.


Халқимиз учун эзгулик ва мурувват, руҳий покланиш ойи ҳисобланган ушбу қутлуғ кунларда бухоролик уламолар, имом-хатиблар, муҳтарам фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида дуолар қилинди.


Ҳайит байрами арафасида “Вақф” хайрия фонди, шунингдек, ташаббускор ҳомийлар томонидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ёрдам кўрсатилди. “Мурувват” уйларида хайрия тадбирлари амалга оширилди.

Шунингдек, муқаддас қадамжо ҳамда қабристонлар ободонлаштирилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА