Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода жорий йилнинг 11 ойида 20 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган
15:24 / 2021-12-24

Бу ҳақида Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида сўзга чиққан Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Садоқат Сиддиқова маълум қилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 11 ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхонаси, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа юқори турувчи органлар ҳамда тўғридан-тўғри вилоят ҳокимлигига 20 минг 546 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 минг 827 тага ёки 1,5 баробарга кўп. Таҳлилларга кўра, жорий йилда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 17 маротаба сайёр ва 6 маротаба шахсий қабуллар ўтказилган. Мазкур қабулларда берилган топшириқлар ижроси ҳолати юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари бўйича 12 минг 279 та мурожаат ижобий ҳал этилган. 4 минг 725 та мурожаат юзасидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилган. 92 та мурожаат амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларига тўғри келмаганлиги сабабли рад этилган. 3 минг 450 та мурожаат ижрода. 

Сессияда секторлар, ваколатли вилоят ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари биргаликда ишларни қатъий давом эттириш, мурожаат билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган идора ва ташкилотлар масъулларига нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатига риоя этмаган ҳамда такрорий мурожаатларнинг ошишига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида доимий равишда муҳокама қилиб бориш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда энг кўп мурожаатлар қайд этилаётган «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали, «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари мавжуд вазият юзасидан тушунтириш берди. 
 
 

Зариф Комилов, ЎзА