Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода янги географик ахборот тизимлари лабораторияси очилди
16:46 / 2024-01-05

Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида янги географик ахборот тизимлари лабораторияси ташкил этилди.

“Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида очилган лабораториянинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти, шунингдек, ишлаш тамойиллари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Институт профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари энг сўнги технологиялар асосида жиҳозланган янги лабораториянинг имконияти билан таништирилди. 

– ФАО қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмонлар, сув ресурсларини сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор бериб, агро-озиқ-овқат тизимлари доирасида атроф-муҳитни яхшилаш тарафдори, – деди CACILM-2 лойиҳаси миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Шунинг учун биз ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш учун илғор технологияларни жорий этишни жуда муҳим деб биламиз. 

Қайд этиш керак, Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти 2004 йил ташкил топган. Таълим муассасасининг асосий мақсади Ўзбекистоннинг табиий бойликларини ўрганиш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлашдан иборат. Институт вакиллари кўплаб имкониятлар очаётган, айниқса, илмий, амалий, ўқув ва тадқиқот мақсадларида кенг фойдаланадиган янги лаборатория яратилгани учун миннатдорлик билдирган. 

Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш CACILM-2 лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишда ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. 

Б.Худойбердиев,ЎзА