English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 14 та мактаб ташкил этилади
15:52 / 2021-06-09

Хорижий тилларга ўқитишнинг сифатини ошириш мақсадида 2021-2022 ўқув йилида Бухоро вилоятдаги 14 та умумтаълим мактаблари негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.

Айни пайтда вилоят умумтаълим мактабларида 4 минг 438 нафар хорижий тил ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда. Мавжуд 536 та умумтаълим мактабининг 484 тасида инглиз тили фани ўқитилади. Бу жараённи 2 минг 206 нафар педагоглар олиб бормоқда. Хорижий тил педагогларининг 250 нафари француз, 215 нафари немис, 1 минг 767 нафари рус тили фани ўқитувчилари улушига тўғри келади.  

Вилоятда хорижий тилларга ихтисослаштирилган 16 та мактаб, 4 та вариатив мактаб мавжуд бўлиб, мазкур муассасаларда ўқувчи-ёшларга  чет тиллари чуқур ўргатиб борилади.  

– Айни пайтда мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани ҳеч биримизга сир эмас, – дейди вилоят ҳокимининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева. – Ушбу йўналишда таълим сифатини тубдан ошириш, соҳага малакали педагогларни жалб этиш ҳамда аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 майдаги ПҚ-5117-сонли “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан халқаро тажрибалар асосида педагогларнинг салоҳиятини ошириш, таълим сифатини янада юксалтириш мақсадида вилоятда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “English Speaking Nation” дастури асосида вилоятга 2 нафар халқаро экспертлар жалб қилинган. Улар билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш ва ўқитувчилар салоҳиятини юксалтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Инглиз тили ўқитувчиларининг сифат таркибини ошириш мақсадида вилоят Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида америкалик мутахассис Алиса Бредлей раҳбарлигида инглиз тили фани ўқитувчилари учун 2021 йил февраль-май ойларида қисқа муддатли курслар ташкил этилди. Инглиз тили ўқитувчиларининг халқаро сертификатлар олишга тайёрлаш бўйича жаҳон стандартлари доирасида маърузалар тингланди.  

Инглиз тили фани ўқитувчиларининг касбий маҳоратини юксалтириш, бу орқали чет тилини билиш даражасидаги сертификатга эга бўлган педагоглар салмоғини ошириш мақсадида вилоят халқ таълими ташаббуси билан яна бир янги лойиҳага қўл урилди. Мазкур лойиҳа асосида дастлаб инглиз тили фани ўқитувчиларининг чет тилини билиш ва эгаллаш даражаси аниқланади. Бунда уларнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик, грамматик компетенциялари ва гапириш кўникмалари тест синовларидан ўтказилди.

Айни пайтда вилоят умумтаълим мактабларида 2 минг 352 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари фаолият юритаётган бўлса, лойиҳада уларнинг 2 минг 232 нафари иштирок этиш истагини билдирди. Жорий йилнинг март ойи охирида иштирокчиларнинг ёзма кўникмаларини аниқлаш мақсадида A2, B1, B2 ва C1 тил билиш даражаларини баҳолаш тести ҳамда гапириш кўникмаларини баҳолаш синовлари бўлиб ўтди.

Синов натижалари асосида ҳудудий малака ошириш маркази ва умумтаълим мактабларидаги илғор, маҳоратли инглиз тили фани ўқитувчилари тажрибасидан фойдаланган ҳолда инглиз тили фани ўқитувчилари учун маҳорат дарслари олиб борилмоқда. Лойиҳа дастурига вилоятдаги барча туманларнинг ўзида юқори даражадаги сертификатга эга мутахассисларни йўналтирган ҳолда 6 ойлик тил кўникмаларини ривожлантириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш йўлга қўйилди.

Айни пайтда вилоятдаги инглиз тили фани ўқитувчиларининг 11 фоизи тил билиш даражасини белгиловчи сертификатларга эга. Лойиҳа асосида жорий ўқув йилининг якунига қадар бу қамровни 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. Мазкур ўқув йилидаги умумтаълим мактаблари битирувчиларидан 308 нафари сертификатларга эга. 279 нафари халқаро ва 23 нафари миллий доирадаги сертификатларни қўлга киритган.

Шунингдек, рус тили фанини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган “КЛАСС!” (“Зўр!”) лойиҳаси доирасида Россиядан 2 нафар фан методистлари ва 5 нафар малакали ўқитувчилар жалб этилган. Методистлар ҳудудий малака ошириш марказида, 5 нафар ўқитувчи Олот, Қоракўл, Ромитан, Шофиркон ва Ғиждувон туманларидаги мактабларда фаолият олиб бормоқда.  

 

Зариф Комилов ёзиб олди. ЎзА