Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода халқаро тадбирга тайёргарлик бошланди
16:35 / 2025-02-17

Жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Бухоро тарихий маркази ҳудудида Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими Ботир Зарипов БАА ва Япониядаги “Waiwai design” архитектура компаниялари асосчиси, режалаштирилган биеннале куратори Ваель ал Авар билан учрашди. Унда мазкур компаниянинг етакчи архитекторлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мутасаддилари иштирок этди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, халқаро архитектура ва санъатнинг илғор ютуқлари асосида ўтказилиши таклиф этилаётган мазкур анжуман Марказий Осиё мамлакатлари ичида илк маротаба Бухорода ташкил қилинади. Натижада минтақада Бухорони ноёб креатив кластер хабига айлантиришга хизмат қилади.

Мазкур тадбирнинг архитектуравий ечимларини ишлаб чиқиш мақсадида БААнинг “WaiWai” архитектура ташкилоти жалб қилинган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорида қайд этилган Бухоро тарихий маркази ҳудудидаги 9 та объектни Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёрлаш мақсадида реставрация, таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ҳамда уларнинг муҳофаза ҳудудларида асфальт-бетон қопламали йўл ва йўлакларда дастлабки лойиҳа ҳужжатларига кўра махсус тошли қопламалар ётқизиш мақсадида ишлар олиб борилмоқда.

Биенналени ЮНЕСКО шафелигида ўтказиш ҳамда БАА, Франция, Буюк Британия, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг етакчи санъат ташкилотлари вакилларидан иборат Халқаро кенгаш томонидан бошқариш назарда тутилган. 

Учрашувда бажарилаётган амалий ишлар натижаси ўлароқ, катта ва кенг ҳудудда барпо этиш амалларидан ташқари, ободонлаштириш масалаларини ҳам тизимли ташкил этиш, аҳоли ва сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги имкониятларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири