Бухорода хотин-қизлар ўртасида шахмат бўйича “WomenChess” халқаро турнири очилди. Мазкур нуфузли мусобақа юртимизда аёллар спортини ривожлантириш, шахмат спорт турини янада оммалаштириш ҳамда халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тантанали маросимда Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, мусобақа қатнашчилари ва меҳмонларни самимий қутлади. У ўз сўзида барча шахматчиларни ушбу нуфузли мусобақанинг бошланиши билан табриклаб, иштирокчиларга омад ва юқори натижалар тилади.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг халқаро майдонларда муносиб иштирок этишини таъминлаш, айниқса. шахмат спорт турини кенг оммалаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада яратилаётган шарт-шароитлар, замонавий спорт инфратузилмаси ҳамда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ўз самарасини бермоқда.

“WomenChess” халқаро турнири турли давлатлардан келган шахматчилар ўртасида дўстона муҳитни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва янги спорт алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлади.

Тадбирда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи, мамлакатимиз тарихидаги биринчи аёл гроссмейстер Нафиса Мўминова ҳам сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда шахмат спорт турига давлат даражасида катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими рамзий тарзда биринчи донани суриб, “WomenChess” халқаро турнирига расман старт берди.
Халқаро турнирда жами 120 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Мусобақада Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда Австрия, Украина, Беларусь, Греция, Грузия, Озарбайжон, Монголия ҳамда Ҳиндистон давлатларидан келган спортчилар ҳам қатнашмоқда.
“WomenChess” халқаро турнири жорий йилнинг 10-15 март кунлари бўлиб ўтади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари