Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода халқаро касбий маҳорат мусобақаси
15:26 / 2025-10-30

Бухорода “Бир макон – бир йўл” халқаро касбий маҳорат мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Мусобақанинг мезбони – “Аsia Trans Gas” МЧЖ қўшма корхонаси  бўлиб, у “Туркманистон –Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой” магистрал газ қувурининг Ўзбекистон қисми оператори ҳисобланади. Мусобақа  CNPC (Хитой миллий нефт-газ корпорацияси) ташкилотчилигида, “Ўзбекнефтегаз” АЖ кўмагида ўтказилмоқда.

Бундай миқёсдаги мусобақалар илк бор Ўзбекистонда бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Нигерия, Мянма ва Бениндан келган қувур ўтказувчи, такелажчи, пайвандчи, катод ҳимояси бўйича мутахассислар ва энергетиклар иштирок этмоқда. 9 та жамоада қувур тармоқлари соҳасидаги 11 та етакчи компания вакиллари бор.

– Ушбу мусобақа иштирокчилар, мусобақалар сони ва вакиллик қилинадиган касблар доираси бўйича ўз тарихидаги энг йирик мусобақага айланди. Мусобақа доирасида биз махсус кўргазма майдони ва маҳорат дарсларини ташкил қилдик. Бу иштирокчиларга нафақат мусобақалашиш, балки бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасбларнинг иш усуллари билан танишиш ва усталарнинг энг яхши тажрибаларини ўзлаштириш имконини беради. Бу ноёб имконият. Биз барча иштирокчиларни энг яхши томонларини намойиш этишга ва адолатли мусобақада ўзларининг ҳақиқий маҳорат даражасини намойиш этишга чақирамиз. Бундан ҳам муҳими, бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасблар билан ўтказган вақтни қадрлаш, мусобақа давомида ўзаро дўстликни мустаҳкамлаш ва мезбон мамлакатлар ходимларининг профессионаллиги ва қадр-қимматини тўлиқ намойиш этишдир, – дейди CNPC Инсон ресурслари департаменти раҳбари ўринбосари Ху Хунмин.

–“Бир макон – бир йўл” халқаро мусобақаси маҳорат, аниқлик ва жамоавий руҳ байрамидир. Ҳақиқий профессионаллик нафақат билим, балки тажриба алмашишга тайёрлик билан ҳам намоён бўлади. Шунинг учун ҳар бир иштирокчи, натижадан қатъи назар, аллақачон ғолибдир – улар ўз мамлакатини, компаниясини ва касбининг энг яхши анъаналарини намойиш этади. Биз минтақанинг энергия хавфсизлигини биз билан биргаликда таъминлайдиган ҳамкор жамоаларни қабул қилишдан фахрланамиз, –деди очилиш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ қурилиш ва транспорт бўйича бошқарув раиси ўринбосари Ғайрат Йўлдошев.

Дастур олтита асосий мусобақа–  юк кўтариш ишлари, электротехника, қувурларни ўрнатиш, пайвандлаш, автоматлаштириш ва назорат-ўлчов асбоблари ҳамда катодик ҳимоя мутахассислари моҳирлигини ўз ичига олади.  

Шартларга кўра, қувур ўтказувчилар мусобақаси иштирокчилари 500 мм диаметрли қувурларни  йиғишлари ва улашлари, сўнгра нуқтали пайвандлашни амалга оширишлари керак. Бу юқори даражадаги геометрик аниқликни ва жамоавий ҳамкорликнинг  мувофиқлигини талаб этади.  

Пайвандчилар CNPC стандартлари бўйича аргон-ёй ва ярим автоматик пайвандлашда беллашади, юқори сифатли ва ташқи кўриниши яхши бўлган илдиз ва қоплама чокларни бажаради.

Такелажчилар юк кўтариш қуввати 25 тонна бўлган KAMAZ KLINTSY крани билан ишлайди. Улар оғир юкларни кўтариш ва ўрнатишдаги аниқликни намойиш этади, шу жумладан, юкнинг барқарорлигини синаш учун теннис коптокларидан фойдаланиладиган босқич ҳам мавжуд.  

Амалий кўникмалар ва вазифаларни бажариш аниқлигига алоҳида эътибор қаратилади, чунки ҳар бир сония ва ҳар бир миллиметр ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.  

–Биз хатога йўл қўйиш мумкин бўлмаган мураккаб шароитларда ишлашга ўрганиб қолганмиз. Бу ерда мусобақаларда, назария қандай амалиётга айланаётганини ва рақобат сифатни қандай туғдираётганини кўряпмиз. Мусобақалар юқори даражада ташкил этилган, барча зарур шароитлар яратилган – улар иш объектларидаги реал шароитларга максимал даражада яқинлаштирилган, –дейди Нигерия ва Бенин қувур тармоқлари жамоаси сардори Конг Леи.  

[gallery-25987]

Уч кун давомида жамоалар ўз маҳоратини намойиш этади, ҳакамлар ҳайъати эса аниқлик, хавфсизлик, инновационлик ва жамоавий ҳамкорликни баҳолаши керак бўлади. Мусобақада ўттиз олтита медал – 8 та олтин, 12 та кумуш ва 16 та бронза ўйналади. Шунингдек, “Энг яхши ташкилий бўлинма” ва “Илғор меҳнат” учун бешта жамоавий медаллар кўзда тутилган.  

Жорий йилда ёшларни муҳандис-техник касбларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, нефт-газ соҳасидаги мутахассисликларни оммалаштириш мамлакатнинг барқарор ривожланишига муҳим ҳисса қўшади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/6ahKoVwkgpU?si=j43o4ei7aSth0c3C" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари