Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода халқаро инвестиция форуми ўтказилди
12:21 / 2020-11-30

Бухорода “UzLiDeP INVEST FORUM – BUKHARA LIVE” халқаро онлайн инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Унда хорижий инвесторлар, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Малайзия, Индонезия Саудия Арабистони каби 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг вакиллари, депутатлар, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.  

Форумда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов иштирок этди. Вилоят раҳбари инвестиция муҳити ва йирик сармоядорларни жалб қилишнинг самарадорлиги хусусида тўхталди. Таъкидланганидек, шу йил 1 ноябрь ҳолатида вилоятда 300 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳолбуки, 2018 йилда бу кўрсаткич атиги 53, 2019 йилда эса 115 тани ташкил этган эди.  

Вилоятда инвесторлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар самараси натижасида тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика ва биотехнологиялар, кимё саноати, қурилиш материаллари тайёрлаш, замонавий меҳмонхоналар қуриш, савдо ва хизмат кўрсатиш, маиший техника воситалари ва электротехника жиҳозларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳалардаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришда тенг манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.  

Вилоятда ҳар йили ўртача 300 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилаётган бўлса, шундан 100 минг тоннадан зиёд юқори сифатли пахта толаси олинади. Худди шундай, жорий йилда ҳам вилоятда 300 минг тонналик “оқ олтин” хирмони бунёд қилинди. Муҳими, 2021 йилгача вилоятимизда етиштирилган ялпи пахта хом ашёсининг 90 фоиздан ортиғи бевосита маҳаллий тўқимачилик корхоналари томонидан қайта ишлашга йўналтирилмоқда.

Вилоятда ҳар йили 1 миллион 400 мингдан ортиқ қорамол парваришланиши ва яйловдаги наслчилик хўжаликларида парваришланаётган қўй-қўзи отарлари ҳисобидан қоракўл териси етиштирилиши ҳам жонлантирилганини инобатга олиб, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришига салоҳиятли инвесторларни жалб қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.  

Вилоятда 50 дан ортиқ графит, бентонит, мармар, гранит, гипс, олтингугурт, оҳак ва бошқа хом ашёга бой табиий ресурслар конлари аниқланганлиги ва ҳозирда улардан фақат 15 тасидан фойдаланилаётганини инобатга олиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғини хорижий ҳамкорлар кўмагида ривожлантириш имконияти мавжуд.  

Форумда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари вакиллари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Вилоятдаги мавжуд инвестиция муҳитини янада яхшилаш, O’zLiDeP сайловолди дастуридаги “Ривожланган ҳудудлар – қудратли Ўзбекистон” лойиҳаси самарали амалга ошиши йўлидаги таклифлари билан ўртоқлашишди.

Тадбирда мутасаддилар томонидан вилоятнинг инвестиция ва туризм салоҳияти тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.  

Онлайн мулоқотда хорижий инвесторлар, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга атрофлича жавоб олишди.

 

Зариф Комилов, ЎзА