Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода халқаро форумга тайёргарлик кўрилмоқда
16:06 / 2021-06-21

Жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтади. Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги таркибий тузилмалари билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Форумда парламент аъзолари, нуфузли халқаро ва парламентлараро ташкилотлар, ёшлар парламентлари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари вакиллари қатнашади. Европа парламенти, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Латвия, Болгария, Корея Республикаси, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Таиланд, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон ва халқаро ташкилотлардан 30 нафар спикерлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Хусусан, мамлакатимизга биринчи марта ташриф буюрган Парламентлараро иттифоқ Бош котиби ушбу форумда иштирок этиш истагини билдирди.

2015 йил сентябрь ойида дунёнинг бошқа мамлакатлари сингари Ўзбекистон ҳам 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)нинг Кун тартибига содиқлигини билдирган. Барқарор, кенг қамровли, изчил иқтисодий ўсиш, ижтимоий интеграция, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшиш каби мақсадларнинг миллий даражада бажарилиши бўйича шартларини қабул қилган. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ҳамда уларга эришиш “йўл харитаси” тасдиқланган.  

Таъкидланишича, Бухородаги халқаро форум парламентларга минтақавий ва глобал даражада БРМга эришиш йўлидаги тараққиётни режалаштириш, бюджетни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича қарорларни аниқлаш учун турли мамлакатлардан тажриба алмашиш имкониятини беради.

Парламентлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва уларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга қаратилган бундай кенг кўламли тадбир ҳали бирон бир мамлакатда ўтказилмаган. Ўзбекистоннинг ташаббусини барча мамлакатлар парламентлари қўллаб-қувватлади.

Халқаро форум “Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг роли”; “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш”; “Барқарор ривожланиш мақсадларининг статистик кўрсаткичларини шакллантириш”; “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг иштироки”, “Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишида парламент назорати, мониторинг ва баҳолашнинг аҳамияти”; “Барқарор ривожланиш йўлида дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш” каби асосий тематик йўналишлардан иборат.

Форум якунлари бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик тўғрисидаги Бухоро декларациясини қабул қилиш кутилмоқда. Яъни форумда иштирок этадиган парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муайян мажбуриятларни ўз зиммаларига олади.

Мазкур форум Бухоро шаҳридаги “Sahid Zarafshon” меҳмонхонасининг конференцион залида бўлиб ўтади. У ерда тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мақсадида ишлар қизғин олиб борилмоқда.  

– Форумнинг юқори савияда ўтиши учун Олий Мажлис Сенати ходимлари ва вилоят ҳокимлиги вакилларидан иборат штаб ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Назлимхон Абдижаффарова. – Ёшлар орасида Барқарор ривожланиш мақсадларининг ҳар бир йўналиши бўйича маълумот бериш мақсадида акция ташкил этилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг эркин фаолият олиб бориши учун матбуот хизмати фаолияти йўлга қўйилди. Матбуот хизмати доимий фаолият олиб бормоқда.

 

Зариф Комилов, ЎзА