Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форум ўз ишини бошлади.
Унда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси Президенти Питер Лорд Баунесс, Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси Бош котиби Алтинбек Мамаюсупов, хорижий мамлакатлар парламентлари, парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари ва аъзолари, Ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, ННТ, ОАВ вакиллари, илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари анъанавий ва онлайн тарзда иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг табригини Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаева ўқиб эшиттирди.
Табрикда таъкидланишича, Ўзбекистон ташаббуси билан биринчи марта ташкил этилаётган мазкур форум глобал мақсадларга эришишда парламентларнинг иштирокини муҳокама қилиш, парламентлараро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун самарали мулоқот майдони бўлади.
Форум давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТнинг махсус резолюциясини қабул қилишга оид ташаббуси доирасида ўтказилаётгани таъкидланди.
Барқарор ривожлантириш мақсадларига эришиш ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, кейинги беш йилда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, уларга оид индикторларнинг тасдиқланган, уларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ҳамда тегишли “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Натижада, ўтган давр мобайнида деярли барча муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларни кейинги 5-10 йилда ривожлантириш истиқболларини белгиловчи стратегия ва концепциялар қабул қилиниб, изчиллик билан амалга оширилмоқда.
[gallery-2893]
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА