Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода халқаро дўстлик ойлиги кенг нишонланади
17:04 / 2021-06-15

Бухорода “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти” деб номланган давра суҳбати ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, вилоятдаги миллий маданий марказлар раҳбарлари, ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси координатори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда давлат раҳбари томонидан нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топаётир.

Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ана шу юксак эътиборнинг амалдаги намунасидир.  

Тадбирда бугун юртимизда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳот, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.  

Вилоятда 11 та миллий маданий марказлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Замонавий Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйи биноси фойдаланишга топширилган.  

– Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир, – дейди Татар-бошқирд миллий маданий маркази раҳбари Равиль Забиров. – Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бири бўлиб қолади. Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган. Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари бир тану-бир жон бўлиб яшаб келмоқда. Миллати, тили, динидан қатъи назар барча тенг ҳуқуқли.  

Ўзбекистонда давлат раҳбари ташаббуси билан 30 июль — Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланиши белгиланган. Тадбирда вилоятдаги миллий маданий марказлари раҳбарлари билан байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. “Янги Ўзбекистон – янги ташаббуслар” шиори остида “Ўзбекистон умумий уйимиз” мавзусида ўтказиладиган кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирларда вилоятдаги барча миллат вакиллари фаол иштирок этиши, айниқса ёшларни жалб қилиш масалалари муҳокама этилди. Вилоятда июль ойини  – халқаро дўстлик ойлиги сифатида кенг нишонлаш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, учрашувда вилоятда истиқомат қилаётган кўплаб миллат ва элат вакиллари, турли миллий маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, миллати тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлари тўғрисида кўрсатувлар тайёрлаш, ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш, ёшларни ҳам бундай хайрли ишларга жалаб қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди.  

Учрашувда вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов қатнашди.  

 

 

Зариф Комилов, ЎзА