Бухорода “WORLDSKILLS BUKHARA – 2025” V Миллий касблар чемпионатининг республика финал босқичининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, вилоят касбий таълим бошқармаси раҳбарияти, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ёш иштирокчилар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.


Очилиш маросимида сўзга чиққанлар WORLDSKILLS ҳаракати мамлакатимизда касбий таълим тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, ёшларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда педагог кадрларнинг замонавий технологиялар билан ишлаш салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар танланган йўналишлар бўйича синов майдонларида дастлабки беллашувларни бошлади. Жорий чемпионат доирасида икки йўналиш – “Ресторан хизмати” ва “Меҳмонхона администратори” бўйича 10 нафарга яқин ёш иштирокчи ўз касбий маҳоратини намойиш этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.