Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода видеоселектордаги топшириқлар ижроси назоратга олинди
14:38 / 2022-05-11

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида Президентимиз расилигида жорий йил 5 май куни тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектордаги топшириқлар ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Бахронов бошқарди. Таъкидланганидек, жорий йил 1 июлидан давлат раҳбарининг ташаббуси билан ягона вертикал бошқарув асосида “103” хизмати ташкиллаштирилади. Тез ёрдам тизими масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади. Call-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради. Тез ёрдам бригадаси етиб боргунига қадар уларга беморнинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туриш, оила аъзоларига оғир аҳволдаги беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича телефон орқали маслаҳат берилади. Йил якунига қадар кўчаларга ном бериш ишлари якунланиши, Ўзбекистоннинг электрон рақамли харитасини ишга тушиши, барча шошилинч хизматлар билан интеграция қилиш ишлари амалга оширилади. 

2022 – 2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Янги автомобиллар, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади. Тез ёрдам транспортлари навигация тизимига уланиб, бюджетдан ажратилаётган маблағни очиқ-ошкора сарфлаш тизими яратилади. Иқтисод қилинган маблағлари транспорт паркини янгилашга йўналтирилади. Натижада келгуси 3 йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланиб, чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқартирилади. Чақирувларнинг мураккаблиги, долзарблиги ва турига кўра саралаш тизими жорий этилади. Call-маркази диспетчерлари шунга қараб шифокор ёки фельдшердан иборат тиббий бригадаларни йўналтиради. Янги ўқув йилидан тиббиёт техникумлари ва коллежларда фельдшерликка ўқиётган ёшлар бир вақтнинг ўзида ҳайдовчиликка ҳам ўргатилади. Кўрсатилган тиббий хизматларни беморлар томонидан холис баҳолаш орқали тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Фаолияти беморлар томонидан яхши баҳоланган бригадалар ходимлари ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида мукофотланади. 

Шунингдек, вилоят Call-маркази тизимига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланилади. Кадрлар салоҳияти, билими ва малакаси оширилиши, тез ёрдам ходимларининг малакасини ошириш мактаби Республика тез тиббий ёрдам маркази тизимига ўтказилади. Туман ва шаҳар шифохоналаридаги терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида бир-бирини такрорлайдиган режали ва шошилинч бўлимлар бирлаштирилади. Бундан буён бошқа шифохоналарда даволанаётган беморларга ушбу марказларда ҳам бепул юқори технологик текширув ўтказишга рухсат берилади. Ягона вертикал бошқарув асосида “103” хизмати масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади. 

Тадбирда тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича Президентнинг видеоселекторда берилган топшириғи юзасидан филиал олдида турган вазифалар ва ечимини кутаётган муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ижросини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Йиғилишда филиал директори Т.Мусоев тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш масаласида амалга оширилаётган ишлар ва режалар ҳақида ахборот берди.

Зариф Комилов, 
ЎзА мухбири