English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди
16:32 / 2026-01-14

Бухорода Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14-январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унга Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиб, Ватан ҳимоясидек шарафли ишда сафдошларига ўрнак бўлаётган фидоий ходимлар, ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари ҳамда фахрийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар таклиф этилди.

Тадбир аввалида озодлик курашчиси, бухоролик миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Маҳмуд Таробий жасорати ҳақида саҳна кўринишининг намойиш этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 

Тадбирда вилоят ҳокими, ҳарбий – маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қутлади. 

Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони раҳбарликларида қўшинлар моддий таъминотини яхшилаш, замонавий ва тезкор армияни ташкил қилиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

[gallery-27116]

Мамлакатимизнинг ҳарбий-илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Бухоро вилояти Ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ҳам ҳарбий қисм ва муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур маблағлар йўналтириб борилмоқда. Вилоятда ёшларни ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизими янги босқичга олиб чиқилиб, умумтаълим мактабларида Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардиянинг 13 та “Жасорат мактаблари” ташкил қилинди.

Вилоятдаги 104 та умумтаълим мактабларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув синфлари замон талаблари асосида қайта жиҳозланди. Ҳарбий қисмлар, мудофаа ишлари бўлинмалари билан ҳамкорликда ёшларимизни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган қатор тадбирлар ташкил қилинди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида сўнгги йиллар мобайнида қатор ишлар амалга оширилди. Ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар бериш, оила аъзоларини касбга ўқитиш, ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Байрам тадбирида ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар санъат элементларини ўзида жамлаган ва Қуролли Кучлар қудратини намойиш этувчи, ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Хушовоз хонандалар, таниқли санъаткорлар, ҳарбий оркестр, бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар, мардлик ва жасурликни улуғловчи шеърлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/U4M5wSMS2Xg?si=Gij0mGiJRIc2Ho3B" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.