«Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» ҳафталиги доирасида ҳудудларда «Улоқ-кўпкари» спорт мусобақаси ўтказилмоқда.
Бухорода мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари ўртасида минтақавий босқичи бўлиб ўтди. Унда 60 нафарга яқин эпчил чавандоз-полвон қатнашди.

Мусобақа Бухоро вилояти ҳокимлиги, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Кўпкарида улоқни “қайнаб турган” майдондан олиб чиқиш ҳақиқий ғолибликдир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Яшин Каримов. – Бундай майдондан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Муваффақият учун чавандозга улкан тажриба, яхши от ҳамда куч ва шижоат керак. Тажрибасиз чавандоз энг учқур от билан ҳам ғалаба қозона олмайди. Ғолибликка элтувчи асосий йўл – чавандознинг чапдастлигидадир.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 1-ўрин Навоий, 2-ўрин Хоразм, 3-ўрин Бухоро вилоятлари, 4-ўрин Қорақалпоғистон Республикасининг жамоаларига насиб этди.
Ғолибликни қўлга киритган моҳир чавандозлар ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо совринлари билан тақдирланди.

Зариф Комилов, ЎзА