Бухорода ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми қатнашчилари учун семинар-тренинг ўтказилди. Иштирокчилар тадбиркорлик – Talks va Media, санъат, маданият ва спорт ҳамда фан ва таълим йўналишларида ўзаро фикр алмашди.
– Ёш лидерлар деганда аввало, келажакда мамлакатнинг турли соҳалардаги бошқарув тизимларига киришадиган инсонларни тасаввур қиламан, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Республика "Камалак" болалар ташкилоти раиси Мадина Баротова. – Бугун уларни битта платформада жамланиши, аввало, ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди.
[gallery-7434]
Бу келажакда давлатлар ўртасида ўзаро тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, ушбу форум ёшлар соҳасидаги ислоҳотларимизни жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиш, шу билан бир қаторда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этишда аҳамиятли бўлади.
– 2018 йилда Чўлпон отада бўлиб ўтган ёшлар масалалари бўйича Туркий давлатларнинг раҳбарлари саммитида ёшларга жуда катта урғу берилган эди, – дейди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Умар Кўжаман. – Ўтган давр мобайнида Туркий давлатларнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича муайян ишлар қилинди. Ҳозирда Бухорода Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми ўтказилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам жуда чиройли ва катта тадбир ташкил этилган. Бу форумни туркий оламдаги барча ёшлар кузатиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ташаббус барча қардошлар томонидан қўллаб-қувватланди. Бугун кўҳна ва боқий Бухорода туркий давлатларнинг ёшлари жамланган. Бухоро жуда гўзал ва мафтункор экан.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА