Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода “Туркий давлатлар ёшларининг боғи” очилди
21:32 / 2022-06-03

Бухорода Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми доирасида Ёшлар марказида “Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти” монументи ва “Туркий дунё ёшлари боғи” очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Боғдод Амреев ва бошқалар туркий давлатларда яшовчи йигит-қизлар ўртасидаги ишонч ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ёшларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилган анжуман ёш авлоднинг ижтимоий лойиҳа ва дастурларини муваффақиятли амалга ошириш, интеллектуал салоҳият эгаларини эзгулик йўлида бирлаштиришда ўзига хос платформа вазифасини ўтаётганини таъкидлади. "Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти” мақомини олганлиги тўғрисидаги махсус сертификат топширилди.

– Бу нуфузли тадбирнинг Бухорода ташкил этилгани бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Бухоро қадим тарихи ва маданияти билан жаҳон тамаддуни бешикларидан биридир. Эътиборли яна бир жиҳат шуки, “Туркий дунё ёшлари боғи”ни барпо этиш ташаббуси мамлакатимиздаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти ҳақидаги суҳбатдан сўнг билдирилди. Бу ҳам рамзий маънога эга. Бу — ёшлар яшил макон, мусаффо келажак қуриш учун муштарак ҳаракат қилаётгани белгиси.

[gallery-7441]

– Азалдан илм-маърифат, маданият бешиги ҳисобланган Бухорои Шариф бугун яна бир улуғ сифат билан шараф топди, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. – Бухоро шаҳри “Биринчи Туркий дунё ёшлари ташаббуслари пойтахти” деган юксак мақомга эга бўлди. Бу ёшлар билан ишлаш, бу борада туркий тилли қардош халқлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар турганлигини кўрсатади.

Тадбирда “Бухоро Туркий дунё ёшлари ташаббуслари пойтахти” монументи тантанали тарзда очилди. Шундан сўнг форум қатнашчилари ёшлар боғига ниҳоллар ўтқазди.

Ушбу ниҳоллар эзгу ниятлар, монумент эса барча туркийлар тарихи ва келажаги рамзи сифатида барҳаёт бўлиб, минг йиллар давомида халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни акс эттиради.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА