Кўҳна ва боқий Бухоро йил сайин кўплаб сайёҳларни жалб этаётган масканлардан бўлмоқда ва шу боис, шаҳарда оилавий уй-меҳмонхоналари фаолияти кенгаймоқда. Жумладан, шаҳардаги Мирзо Улуғбек маҳалласида яқинда фаолият бошлаган “AS MIR” ва “AL-SABIR” меҳмон уйлари бунга яққол мисол.
Маҳалланинг асосий ривожланиш драйвери ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш бўлиб, 4 минг 306 нафар аҳоли, 1 минг 25 та хонадон, 1 минг 208 та оила истиқомат қилади.
Тадбиркор Насиба Ҳайитова томонидан ташкил этилган “AS MIR” меҳмон уйи 10 ўринга мўлжалланган бўлиб, бир кунлик хизмат нархи 100 минг сўмни ташкил этади. Лойиҳа орқали 3 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Олга Ёдгорова ташаббуси билан очилган “AL-SABIR” оилавий меҳмон уйи эса 10 ўринга эга бўлиб, 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Қулай жойлашув, замонавий хизматлар ва арзон нархлар билан ажралиб турадиган ушбу меҳмон уйлари Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш билан бирга, маҳаллий аҳоли бандлиги ва фаровонлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, Бухорода 2025 йилнинг январь-август ойларида вилоятга 1 миллион 482 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, уларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 404,2 миллион АҚШ долларга етган. Шу билан бирга, республика ҳудудларидан Бухорога 3 миллион 301 минг 300 нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрди.
[gallery-25367]
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида Бухородан республика ҳудудларига 1 миллион 520 минг 500 нафар маҳаллий аҳоли, корхона ва ташкилот ишчи-ходимларининг саёҳатлари тизимли ташкиллаштирилди.
Туризм ва ёндош соҳаларда 5,8 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этилиши натижасида бугунги кунда туризм ва унга ёндош соҳаларда 80 минг нафарга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.