Бухоро вилоятида “Wyndham Hotels & Resorts” халқаро меҳмонхоналар тармоғига тегишли яна бир меҳмонхона – “RAMADA ENCORE BY WYNDHAM BUKHARA” иш бошлади. Меҳмонхонанинг очилиш маросимида соҳа мутасаддилари, шунингдек, меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Мазкур “тўрт юлдузли” меҳмонхона барча қулайликларга эга 212 хона, 450 нафар меҳмон ўрнига, қолаверса, юқори қаватда жойлашган “Sky Lounge”, соғломлаштириш клуби, конференц-зал, бизнес маркази ҳамда лобби лаунжга эгалиги билан ажралиб турибди.


Тантанали очилиш тадбирида Туризм ва маданий мерос вазирининг ўринбосари Нусратилла Зикриллаев Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз сўзида тармоқ мутасаддилари, вилоят жамоатчилигини муҳташам меҳмонхона билан самимий муборакбод этди. Унинг қурилишида жонбозлик кўрсатган барчага, хорижий инвесторлар, лойиҳачи муҳандис ва қурувчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Тадбирда йиғилганлар “WYNDHAM BUKHARA” меҳмонхонасида яратилган шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишди.
Вилоятда хорижий инвестиция миқдори 28 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 3 та йирик меҳмонхона қурилиши якуний босқичда. Вилоят марказида Ҳиндистоннинг “Metric Ventures” МЧЖ ҳамда Буюк Британиянинг “Wide Tent System” компаниялари томонидан амалга оширилаётган беш юлдузли “Hyatt Regency” ҳамда тўрт юлдузли “WYNDHAM” брендлари остидаги меҳмонхоналар тўла қувват билан ўз фаолиятини бошлайди.

Айни кунда вилоятда замонавий ва талабга жавоб берадиган меҳмонхоналар сони 200 тага яқинлашган бўлса, уларда бир кунда 60 мингдан ортиқ меҳмонга юқори даражада хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Такомиллаштирилаётган соҳа фаолияти туфайли жорий йилда Бухорога ташриф буюрган сайёҳ сони 4 миллион нафардан ошган бўлса, уларнинг 550 минг нафардан ортиғини чет эллик туристлар ташкил этмоқда. Шу нуқтаи назардан, якунланаётган йилда вилоятда хорижий ҳамкорлар инвестицияси асосида ўттиздан ортиқ замонавий меҳмонхона қуриб, ишга туширилмоқда.

Президентимиз раислигида 2022 йил 7 июнь куни “Хизматлар кўрсатишни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатишда жойлаштириш воситалари, замонавий меҳмонхоналар ва террасалардан кенг фойдаланиш, уларда сервисни ривожлантириш бўйича Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказлари ҳамда пойтахт туманларида жорий қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди. Ҳозирда биргина Бухоро шаҳридаги 28 та меҳмонхона ва рестораннинг том қисмида очиқ террасага эга 2 420 кишини қабул қилишга мўлжалланган овқатланиш шахобчалари ташкил қилинган. Бу янгича йўналишга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар бирдек юқори қизиқиш билдирмоқда. Бундан ташқари, шу йил давомида Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган 11 та лойиҳанинг том қисмида умумий овқатланиш учун мўлжалланган 1 250 ўринли миллий ҳамда европача очиқ терраса ташкил этилмоқда.


Жорий йилнинг биринчи ярмида сайёҳликдан вилоят иқтисодиётига 763 миллиард сўмдан зиёд маблағ тушган. Туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш соҳаларида 20 минг нафарга яқин аҳолининг муқим иш ўрни билан бандлиги таъминланган. 2017-2021 йилларда меҳмонхоналар сони тўрт, туристик ресторан, гид-экскурсовод, туроператор ва ташриф буюрган сайёҳлар сони беш бараварга ошган.
Таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг 11 ойи давомида Бухоро шаҳрига 550 мингдан ортиқ хорижий, 2 миллион 700 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган. Сайёҳларнинг Бухоро шаҳрида қолиш муддати ўртача 3,5-4 кун ҳисобланади. Уларнинг кунлик харажати хорижлик меҳмонларда 250 АҚШ доллари, маҳаллий меҳмонларда эса ўртача 350 минг сўмни ташкил этади.


Зариф Комилов, ЎзА