Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода тадбиркорга ўқотар қурол ўқталиб, товламачилар 70 минг АҚШ доллари талаб қилди
10:51 / 2021-03-10

Бухоролик Т.С. тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади.

Унинг катта даромадга эга эканлиги ва моддий жиҳатдан яхши таъминланганлигидан хабардор бўлган бир неча шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, ундан товламачилик йўли билан пул ундириш пайига тушади.

Шу мақсадда, уни таниган Б.С. ўзининг жиноий шериклари, акаси Б.И. ва спортчи йигитлар Т.С. Ш.Д. билан бир гуруҳ бўлиб жабрланувчидан пул ундириш режасини тузади. Вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишади. Бунда, жабрланувчининг ишхонасига қўшни қурилиш фирмасида қоровул бўлиб ишлаб келаётган фуқаро Б.И. жиноий тўда аъзоларига кўмакчи бўлади. Тадбиркорнинг қайси вақт ишга келиши ва ишдан кетиши, қай русумдаги автомашиналар билан юриши, ёнида кимлар бўлиши ва бошқа шу каби маълумотларни жиноий гуруҳга етказиб туради.

Гуруҳнинг қолган иштирокчилари эса гумон қилинувчи фуқаро Ш.Д.нинг бошқарувида бўлган Каптива русумли автомашинада бир неча кун давомида жабрланувчининг автомашинаси орқасидан кузатиб, зарурий маълумотлар тўплайди.

Натижада жиноий режа обдон ўйлаб чиқилади. Жабрланувчини қўрқитиш мақсадида “ТОЗ” русумли қирқма ўқотар қурол ҳам тайёрлаб қўйилади.

Жорий йилнинг 4 март куни гумон қилинувчи фуқаро Б.С. ўзининг жиноий шериклари фуқаролар Т.С. ва Ш.Д. билан биргаликда, Каптива русумли автомашинада жабрланувчининг бошқарувида бўлган Каптива русумли автомашинани соат 17:10 ларда, А-380 автомобиль йўлида тўхтатади. Автомашина салонига ўтиради ва олдиндан тайёрланган ёнида олиб келган “ТОЗ” русумли қирқма ўқ отар қуролни ўқталиб, уни ўлдириш учун буюртма тушганлигини, буюртмани бажарса 50 минг АҚШ доллар миқдорида хизмат ҳақи олишини, агарда буюртмачи томонидан бериладиган суммадан ортиқроқ пул берса, уни ўлдирмасдан, буюртма берган шахслар тўғрисида маълумот беришини айтади. Бунинг эвазига 70 минг АҚШ доллар миқдорида пул талаб қилиб, жабрланувчини мушкул вазиятга солиб қўяди.

Жабрланувчи товламачининг талабига рози бўлиб, икки кун муҳлат сўраган ҳолда жиноятчиларнинг қўлидан қутилиб, жорий йилнинг 5 март куни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғига мурожаат қилади. Натижада ўз аризасида унга нисбатан товламачилик қилаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Унинг аризаси ва берган маълумотларига асосан, вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси томонидан тергов-тезкор гуруҳ тузилиб, кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилади.

Жорий йилнинг 6 март кунидан 7 март кунига ўтар кечаси ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.С. нинг топшириғига асосан унинг акаси, жиноий гуруҳ аъзоси фуқаро Б.И. кимёвий ишлов берилган миллий сўмга нисбати 522 миллион сўм бўлган, 50 минг АҚШ долларини жабрланувчидан олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Жиноий гуруҳ ташкилотчиси фуқаро Б.С. дан эса бир дона "ТОЗ" русумли қирқма ўқ отар қурол, 6 дона жанговар патронлар, жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси фуқаро Т.С. дан эса бир дона совуқ қурол ҳисобланган пичоқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-модда 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА