16 майдан 20 майгача Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан ташкил қилинган «Тадбиркор аёл» 5 кунлик ўқув семинари бўлиб ўтмоқда.
Тренинг Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг Кичик грантлар дастури доирасида ташкил қилинган.
Ўқув семинарда Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятларидан 24 нафар етакчи лидер тадбиркор аёллар, туман раҳбарлари қатнашмоқда.
— «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг Бухоро вилоят бўлими 1995 йилда ташкил этилган, — дейди «Тадбиркор аёл» ассоциацияси Бухоро вилояти раиси, халқаро тренер Дилбар Аҳмедова. — Бугунги кунда ассоциацияга 2 мингга яқин тадбиркор хотин-қизлар аъзо бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Ассоциация 5 та йўналишда иш олиб боради.
Охирги уч йилда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ва ўз ишини бошлаган 1857 нафар хотин-қизларни билим ва кўникмалари оширилди. Шундан 678 таси ўз ишини очди ва янги иш ўринлари яратди.
Ассоциация фаолияти давомида Германия ҳунармандлар палатаси, ГТС, Жаҳон банки, ЕХҲТ, БМТ, Осиё тараққиёт банки,
USAID, Америка элчихонаси кичик грантлар лойиҳаси, Евроосиё фонди, ТИКА ташкилотлари томонидан эълон қилинган лойиҳаларда иштирок этди ва ҳамкорлик қилди.
Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад – аёллар тадбиркорлигини қўллаб қувватлаш, ассоциациянинг 70 та минтақавий филиаллари иқтисодий имкониятларини кенгайтириш. Янги лойиҳа доирасида ассоциациянинг учта вилоят бўлимлари негизида семинар ташкил қилинган.
Биринчи тренинг Андижон шаҳрида март ойида бўлиб ўтди. Унда Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан 24 раислар малакаларини оширишди.
Лойиҳа доирасида «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг учинчи семинар-тренинги Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Унда 24 нафар Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилояти минтақа раислари билим ва кўникмаларга эга бўлишади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА