Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода сув таъминоти ва канализация лойиҳасининг 2-босқичи бошланмоқда
13:36 / 2024-02-10

Бухоро вилоятида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш, вилоятнинг санитария-эпидемиологик ҳамда экологик ҳолатини янада яхшилаш, шунингдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 августдаги “Осиё инфратузилма инвестициялари банки” иштирокида “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш (2-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

“Ўзсувтаъминот” АЖ, шунингдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки – ОИИБ масъул вакиллари, “Бухоро сув таъминот” МЧЖ раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган тадбир мазкур лойиҳа ҳамда бу борадаги Президент қарори мазмун-моҳияти, унинг амалиётига бағишланди.

Тармоқ мутасаддилари, лойиҳачи, пудратчи субъектлар раҳбарлари иштирок этган ўқув-амалий семинарда “Бухоро сув таъминот” МЧЖ директори Мўмин Амонов, ОИИБ лойиҳа мувофиқлаштириш гуруҳи харидлар ва шартномалар бўйича бош мутахассиси Азиз Сафаров, “Ўзсувтаъминот” АЖ лойиҳа мувофиқлаштириш гуруҳи раҳбари Муҳаммадали Мусаддинов, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бош мутахассиси Шавкат Юлдашевлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидланганидек, ОИИБ томонидан Ўзбекистон Республикасига Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ва 25 йилда қайтариш шарти билан 248,40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз ажратилиши маъқулланган. Бу йирик лойиҳанинг умумий қиймати 281,25 миллион АҚШ долларини, шу жумладан, ОИИБ қарзи 248,40 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши қўшилган қиймат солиғини қоплаш ва божхона имтиёзлари кўринишида 32,85 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Ишлаб чиқилган лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни, 2023-2027 йилларни ўз ичига олади ва бу жараёнда Бухоро вилояти ҳокимлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Бош прокуратура ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан ҳамкорликдаги ташкилий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

“Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” лойиҳасининг 2-босқичида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўп. Жумладан, биргина Вобкент туманини олсак, ҳудудда ичимлик суви таъминоти бўйича 26,77 миллион АҚШ доллари қийматида 4 та сув тақсимлаш иншоотини қуриш, 5 та гидроиншоот ва 2 та насос станциясини реконструкция қилиш, шунингдек, тумандан ўтган “Дамхўжа” магистрал сув тармоғида 1 та ишлаб чиқариш базасини қуриш, қолаверса, 386,9 километр ичимлик суви тармоғини қуриш, 102,9 километр ичимлик сув тармоғини қайта таъмирлаш ва тиклаш, умумий ҳисобда 35 минг 358 дона сув ҳисоблагич ўрнатиш каби лойиҳалар амалда бошланмоқда.

Худди шундай, ичимлик суви таъминоти бўйича Ғиждувон туманида 57,74 миллион, Шофиркон туманида 42,82 миллион АҚШ доллари қийматига тенг бўлган тармоқни қуриш ва модернизация қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Ромитан туманида 442 километр, Пешкуда 305,9 километр, Жондор туманида 409,3 километр ичимлик суви қувурини тортиш мақсад қилинган.

Шу каби чора-тадбирлар қаторида Бухоро ва Когон шаҳарларида, Бухоро ва Жондор туманлари марказларида оқова тармоғини қайта қуриш ва реконструкция қилиш ҳам назарда тутилган. Умуман, вилоятда оқава тармоғи бўйича жами 568,5 минг аҳолига марказлашган хизмат кўрсатишни яхшилаш, шунингдек, 381 минг аҳоли истеъмолчиларининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш кўзда тутилган.

Семинар муҳокамасида соҳа масъул мутасаддилари юқоридаги каби лойиҳанинг ҳар бир шаҳар ва туманда бажариладиган қисмларига тўхталиб, ташкилий жиҳатлари, моддий-техник имкониятларига эътибор қаратдилар. Тадбирда маҳаллий пудратчи ташкилотлар масъуллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири