Бухорода айни кунда 753 та корхонанинг қўшилган қиймат солиғини ноқонуний ҳисобга олиш натижасида унинг бюджетга тўланиши лозим бўлган қисмини камайтириш ва «шубҳали» операцияларни амалга ошириш билан шуғулланганликлари маълум бўлди.
Ўтказилган камерал текширувларида шубҳа остига олинган солиқ тўловчиларнинг аксариятида ҳақиқатда ҳам шубҳали операциялар амалга оширилганлиги ўз тасдиғини топди.
Солиқ хизмати органи томонидан ўз навбатида белгиланган тартибда ушбу шубҳали корхоналар контрагентларининг шахсий кабинетлари орқали асоссиз ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритишлари тўғрисида хабарномалар юборилган.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари қонуний бизнес юритишнинг нуфузини ошириш ва «инсофли» тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида, «шубҳали» тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилган солиқ тўловчиларнинг ҳузурида бўлди. Уларнинг раҳбарлари ва ҳисобчиларига индивидуал равишда, ушбу алоқаларнинг аянчли оқибатларга олиб келиши хусусида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Уларга солиқ хизмати органи томонидан тақдим этилган талабнома талабларидан келиб чиқиб, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини белгиланган 10 кунлик муддатда тақдим этиб, ҳисобланган солиқ суммаларини ўз вақтида ва тўла ҳажмда тўлаган тақдирларида, «шубҳали» операцияларни амалга ошириш билан шуғулланган корхоналар «қора» рўйхатидан чиқарилишлари мумкинлиги уқтирилмоқда.
– Ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги “SSF-SAVDO” корхонасида бўлди, – дейди вилояти ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Баҳодир Файзиев. – Ажабланарлиси, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ушбу корхона бир вақтнинг ўзида 6 та «шубҳали» ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган. Олиб борилган таҳлилларга кўра, корхонанинг шахсий кабинети орқали асоссиз ҳисобга олинган 1 миллиард 475 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритишлари тўғрисида хабарнома юборилган.
Ўз навбатида мазкур корхона 7 кун ичида давлат солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим қилиб, ҳисобланган ҚҚС суммаларини тўлаб берилишини таъминлаган.
“ANS” тадбиркорлик субъекти текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ҳисобланади. 2020 йил давомида 3 та «шубҳали» корхоналар билан ҚҚС суммаси 750,3 миллион сўм бўлган битимлар тузган. Ушбу корхонага ҳам ихтиёрий равишда асоссиз ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритиш тўғрисида хабарнома юборилган.
Ҳудуддаги “StroyN” маъсулияти чекланган жамияти ҳам ўтган йил давомида 11 та «шубҳали» айланмаларни амалга оширган корхоналар билан жами қўшилган қиймат солиғи суммаси 674,4 миллион сўм сўмлик битимлар тузилганлиги аниқланди.
Натижада вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ушбу корхонага шубҳали контрагентларининг асоссиз ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритиши тўғрисида хабарнома шахсий кабинетлари орқали юборилган.
Бугунги кунда вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан ҳудуддаги «шубҳали» айланмаларни амалга оширган 36 та тадбиркорлик субъекти ва улар билан муносабатда бўлган 753 та корхона бўйича солиқ кодексининг 14-, 15- ва 266-моддаларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилмоқда. Уларга контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткор бўлиш тартиблари тушунтирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА