Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода Республика ёшлари форуми бўлиб ўтмоқда
17:23 / 2021-01-30

Бухорода "Мотиватор" шиори остида республика ёшлари форуми бошланди. Унда барча вилоятлардан 250 нафарга яқин ёш лидерлар қатнашмоқда.

Тадбир ёш лидерларни тантанали кутиб олишдан бошланди. Ҳарбий оркестор садолари остида ёшлар етакчилари Ёшлар марказида тантанали кутиб олинди.

Ёшлар фестивали шарафига Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.

– Ёшлар масалалари ҳар доим муҳим ва долзарб ҳисобланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баротова. – Бироқ олдинлари ушбу масала фақат оилаларимиз зиммасида қолиб кетган бўлса, бугун Ўзбекистонда ушбу масъулиятнинг катта қисмини давлат ўз зиммасига олмоқда. Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида ёшларга оид давлат сиёсати ҳам янги босқичга олиб чиқилди. Зеро, Янги Ўзбекистонни ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ёшлар ҳамиша эътиборда бўлишни, эътироф этилишни хоҳлашади. Уларга майдон берилса, имконият яратилса, улар яхши ишларга қодир, катта куч бўлади. Форумда ҳам ёшлар томонидан илгари суриладиган ғоялар, таклиф ва ташаббуслар мамлакатимиз ривожи, болаларимиз келажаги учун муҳим ва фойдали деб ишонаман. Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган "Мотиватор" шиори остидаги республика етакчи ёшлар форуми ҳудудлардан ташриф буюрган мактаб етакчилари учун билим орттириш, кўникмага эга бўлиш, тажриба алмашиш, фаолият самарадорлигига эришиш имкониятини яратмоқда.

Форум ўзига хос ёшлар байрамига айланди. Ёшлар форумида “Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларни мактабдан ташқари таълимини ташкил этиш ва касб-ҳунарга йўналтиришда ёшлар етакчиларининг ўрни”, “Камалaк юлдузлари”, “Йил сардори” танловларини ўтказишда ёшлар етакчиларининг ўрни” мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этилди. Ёшлар етакчилари орасида илм-фанга ва бадиий ижодга иштиёқи баланд йигит-қизлар томонидан китоблар ва ўқув қўлланмалар тақдимоти ташкил этилди.

Жорий йилнинг 1 февралига қадар давом этадиган форумда ёшлар умумтаълим мактабларининг бошланғич ташкилотлари етакчилари турли соҳаларга оид семинарлар, дебатлар ва давлат ҳокимияти бошқарув идоралари мутасаддилари билан юзма-юз мулоқот қилиб, юртимизда кечаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлардан воқиф бўлишади. Бир-бирлари билан дўстлашиб, кўҳна ва боқий Бухородан бир олам таассурот билан қайтишади.

Форум ишида вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроев, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, “Kaмaлaк” болалар ташкилоти раиси Индира Холдарова, республика Халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаевлар қатнашди.

Зариф Комилов,  Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА