Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида Бухоро вилояти бўйлаб кўп қаватли бино ва иншоотларнинг қурилишини ўрганиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Илк манзил Бухоро шаҳар Шарқ-2 мавзеси «Шайхулолам» МФЙ ҳудудида қурилаётган 6 қаватли турар-жой биноси бўлди. Мазкур қурилиш пудратчиси "Astra Elite Stroy" МЧЖ, лойиҳачи "С-С-Б" МЧЖ ҳисобланади.
Ушбу кўп қаватли турар-жой биносида Бухоро вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан шу кунга қадар 12 марта мониторинг ишлари амалга оширилган бўлиб, 40 та ёзма кўрсатма берилган ҳамда барчасининг ижроси таъминланган.

– Бухоро шаҳар Шарқ-2 мавзеси «Шайхулолам» МФЙ ҳудудида "Astra Elite Stroy" МЧЖ томонидан барпо этилаётган кўп қаватли турар-жой биносида ҳозирда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда, – дейди Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида ҳудудий назорат инспектори Aзизбек Исомиддинов. – Мазкур объектда бир нечта қонун бузилишлар аниқланди. Жумладан, объектнинг қурилиш жараёнида юритиладиган техник ҳужжатлари йўқлиги ҳамда орқа деворларини монтаж қилишда тегишли воситалар ишлатилмагани аниқланди.Йўл қўйилган қоидабузарликлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Рейд тадбирлари давомида Бухоро шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардаги ноқонуний қурилмалар ҳам ўрганилди.
Бухоро шаҳар Навоий шоҳ кўчаси 11-уйда истиқомат қилувчи фуқаро уйнинг ертўла қисмини ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзлаштириб, лойиҳадан чиққан ҳолда қайта қуриш ишларини бошлаган.
Бухоро вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддаси 3-қисмига асосан баённома расмийлаштирилган. Ҳозирда Бухоро вилояти ҳудудий инспекциясининг назорати остида қайта тиклаш ҳамда кучлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Рейднинг навбатдаги манзили Бухоро шаҳри Пиридастгир кўчаси бўлди. Соҳа мутахассислари 14-уйда истиқомат қилувчи фуқароларнинг нотурар жой мулкдори томонидан қоидабузарликларга йўл қўйилаётгани бўйича мурожаатларини ўрганди. Унга кўра ҳақиқатдан ҳам нотурар жойнинг ички ёрдамчи девор қисмларида лойиҳа ҳужжатларисиз қайта қуриш ишлари бошлаганлиги аниқланди.
Тадбиркорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддаси 3-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида маъмурий жазо қўлланилди.
Шунингдек, ноқонуний қайта қурилишлар ушбу кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли ҳаётига хавф туғдириши мумкинлиги бўйича тушунча берилди.

Назорат тадбирлари давомида Бухоро шаҳри Aлпомиш кўчасида «Хадича Имкон Мега строй» МЧЖ томонидан 2 та 5 қаватли турар-жой биносининг қурилиш-монтаж ишлари белгиланган шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда олиб борилаётгани аниқланди. Назорат тадбири аҳоли мурожаатига асосан Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчасидаги кўп қаватли турар жойда давом этди.
Ўрганиш жараёнида мулкдор нотурар жойнинг ертўла қисмидаги кириш эшигини қоидага зид равишда кенгайтиргани аниқланди. Фуқарога нисбатан Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, қонун бузилиш ҳолатини бартараф етиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА