Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода “Қовун сайли”
12:01 / 2024-08-07

Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги байрами муносабати билан анъанавий “Қовун сайли” бошланди.

Полизчиликни деҳқончиликнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантираётган фермер хўжаликлари сони ҳам кўпайиб бормоқда. “Қовун сайли” улар эришаётган ютуқларнинг ўзига хос тақдимотига айланди. “Қовун сайли”нинг мустақиллик байрами тантаналари олдидан ўтказилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки истиқлол пахта яккаҳокимлигига барҳам берди, ғаллачилик, сабзавотчилик ва боғдорчилик қаторида полизчиликнинг ҳам равнақ топишига катта имкон яратди. Айнан мустақиллик йилларида юртимиз тупроғи ва табиий иқлим шароитига хос, унут бўлиб кетган қовун навлари тикланди. Соҳага янги илмий асосланган технологиялар жорий этилди, илғор деҳқонларнинг тажрибаси оммалаштирилди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда деҳқончиликнинг ушбу тармоғида сезиларли ютуқларга эришилди. Бунинг натижаси сифатида “Бўрикалла”, “Баргинай”, “Гулоби”, “Шерози”, “Амири”, “Кўкча”, “Даҳбеҳи”, “Тошлоқи” сингари ўттиздан зиёд навдаги қовунлар танти миришкорларимиз томонидан эл дастурхонига тортиқ этилмоқда.

[gallery-18617]

Ҳар бир туман ва шаҳар учун ажратилган ва байрамона безатилган павильонларда қовунлар ўзига хос манзарали кўринишда намойиш этилмоқда. Шунингдек, турли мева-сабзавотлар, қандолатчилик, асаларичилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилган.

Дастлабки кунда вилоятнинг барча туманларидан 376 та фермер хўжалиги томонидан келтирилган 1335 тонна қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди.

–“Қовун сайли” мўл-кўлчилик нишонаси, – дейди харидорлардан бири Мухтор Амонов. –-Сероблик бўлса, нарх арзон бўлади. Бу ерда қовунни бозордагидан анча пастроқ нархда оласиз. Қолаверса, деҳқонларимиз узум, шафтоли ва бошқа ноз-неъматларни ҳам таклиф этишяпти. Саховатли миришкорларнинг қўллари дард кўрмасин.

Сайил нафақат шаҳарликлар ва меҳмонларни, балки чет элдан ташриф буюрган сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Улар Бухоронинг ширин қовунларини, ноз-неъматларини татиб кўришмоқда, меҳмондўст халқимизнинг ҳимматига юқори баҳо беришмоқда, шунингдек, санъаткорлар, фольклор-этнографик ансамблларининг саҳна чиқишлари, дилтортар куй-қўшиқларидан ҳам баҳраманд бўлишмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари