Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Рустамов Азизжон” фермер хўжалиги боғида туман ҳокимлиги ва қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташаббуси билан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари боғи”га асос солинди. Фермер хўжалиги боғидан ажратилган жойда серҳосил навларга мансуб ўрик ниҳоллари ўтказилди.
– Халқимизда яхшидан боғ қолади деган эзгу нақл бежиз айтилмаган. Кекса нуронийларнинг ташаббуси билан ташкил қилинаётган боғ ҳам ижтимоий, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эканини эътироф этиш жоиз, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Озод Нўкаров. – Бу ниҳоллар кун келиб мева беради, соя солади, экологияни тозалайди, шамол йўлига тўсиқ бўлади, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди. Асосийси, бугун бўш ерда барпо қилинаётган бу боғ саховатпеша табиатимиз кучи билан эрта-индин кўзимизни қувонтиради.



Тадбирда қатнашиб, кўчат ўтқазган туман масъуллари барча маҳалла ва қишлоқ, таълим масканлари, меҳнат жамоаларида кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиш, “яшил ҳудуд”лар барпо этиш ишларини янада кенгайтириш зарурлигини, бу хайрли амаллар она табиатни асрашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.