Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода Қирғизистон маданияти кунлари
22:12 / 2024-07-22

Кўҳна ва боқий Бухорода “Қирғизистон маданияти кунлари” бўлиб ўтди. Унда қирғизистонлик бир гуруҳ маданият ва санъат соҳаси вакиллари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Жумладан, ўзаро савдо ҳажми ошмоқда. Фаол ҳудудлараро алмашинувлар давом этмоқда, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, транспорт алоқалари кенгаймоқда. Муҳим маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда.

-Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг сиёсий иродаси туфайли, томонлар кўплаб долзарб масалаларни бартараф этиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ижобий ўсиш суръатига эришди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова. – Замонавий ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳамкорликнинг барча соҳаларига тегишли кўтарилишни бошидан кечирмоқда. Энг муҳими – яхши қўшничилик руҳи қарор топган. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг маданий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлиги жадал суръатлар билан кенгайиб бормоқда. Сўнгги ярим йилда иккала давлатнинг туман ва вилоят раҳбарлари, артистлар ва маданият арбоблари даражасида бир-бириникига ўнлаб сафарлар уюштирилди. Таълим соҳасида ҳам жиддий  силжишлар кузатилмоқда. Ўзбек-қирғиз муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар маданий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликка ҳам таъсир кўрсатди. Шу ўринда, 2018 йил юртимизда буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллик юбилейи кенг миқёсда нишонланди.

Бухоро ёшлар марказида “Қирғизистон маданияти кунлари” доирасида Т.Сатилганов номидаги Миллий филармония қошидаги “Қамбаркан” фольклор-этнографик ансамбли ижодий гуруҳининг концерт дастури намойиш этилди. Концерт чуқур тарихий илдизлар билан боғланган, дини бир, қадрият ва анъаналари муштарак ўзбек ва қирғиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ифодаси бўлди.  

Бухорода ўтказилган “Қирғизистон маданияти кунлари” доирасидаги концерт дастури томошабинлар қалбида чуқур из қолдирди.

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.