Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода пиёдалар учун ер ости ўтиш йўли қурилди
10:50 / 2023-03-21

Бухоро шаҳрида узунлиги 32 метр, кенглиги 4,5 метр, баландлиги 2,5 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўли фойдаланишга топширилди.

Халқаро аҳамиятга эга бўлган “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль йўлининг 272-километрида тиббиёт шаҳарчаси, “Карвон” буюм бозори ҳамда бош бекатлар борлиги ҳисобидан пиёдалар оқимининг жуда ҳам серқатновлиги, қолаверса, аҳолининг талаб ва истаклари инобатга олинган ҳолда бу ерда пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилди.  

Пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилиши “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан амалга оширилди.

[gallery-11073]

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, секторлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

–Биз турган жой шаҳардаги энг тирбанд йўллардан бири ҳисобланади, – деди вилоят раҳбари. – Ер ости йўли қурилиши натижасида бу ердаги тирбандлик бартараф этилди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниб, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланди. Фуқароларимизнинг таклифларини инобатга олиб, марказий кўчалар ва магистрал йўлларда ҳаракат тезлиги ўрганилган ҳолда бошқа ҳудудларнинг серқатнов  йўлларида шу каби ер ости ўтиш жойларини қурамиз. Бу ҳам одамларимизга бир енгиллик.  

Йиғилганлар ер ости ўтиш йўлининг имкониятлари билан танишди.

–Кўпчилик яхши билади, Бухоро вилояти тупроғидаги инжиқлик сабаб шаҳар ҳудудида мавжуд ерости йўллари зах сувларига тўлиб, намланиб, чўкиши оқибатида улар кўмилиб, фаолияти тўхтатиб қўйилган, – дейди вилоят Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мурод Бердиев. –Аммо автомобиллар сонининг кўпайиб бораётгани боис одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун еростидан ўтиш йўлларини тиклаш зарурати туғилди. Албатта, мазкур ер ости йўлини қуришда тупроқдаги захлик ва юқори даражадаги намлик таъсирини йўқотишга катта эътибор қаратилди. Бунда тажриба синовдан ўтган усуллардан фойдаланилди. Шунингдек, ер ости йўли қурилиши жараёнида дренаж тармоқлари ўрнатилди. Қисқа айтганда, ҳеч қандай зах ер остидан ўтиш йўлига таъсир кўрсата олмайди.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА