Форум Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Савдо саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликлари хамда ишбилармон вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.
Ўзбекистон – Туркманистон ҳудудлараро форуми ҳамда унинг доирасида Ўзбекистон – Туркманистон тадбиркорлар Кенгашининг 2-йиғилиши, Ўзбекистон ва Туркманистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси, икки мамлакат халқ амалий санъати маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилади. Шунингдек, Туркманистон томони билан инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари имзоланади.
Форум доирасида туркманистонлик ҳамкорлар билан икки томонлама савдо-иқтисодий келишувлар, инвестиция шартномаларининг лойиҳалари, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бунда қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, тўқимачилик, кимё ва нефть-кимё саноати, транспорт ва логистика, энергетика, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларига алоҳида эътибор қаратилади.
[gallery-7903]
Форумда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари, ҳар бир вилоятнинг салоҳияти бўйича аниқ инвестиция таклифларини мужассам этган тақдимотлар ўтказади. Шунингдек, Туркманистон томони билан эришилган келишув ва битимлар доирасида амалга оширилган лойиҳалар ва шартномалар, хусусан, қиймати 308 миллион долларлик 8 та экспорт шартномаси, қиймати 10 миллион долларга тенг бўлган 1 импорт шартномаси ва 10 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Батыр Атдаев иштирок этмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА