French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жиноятлар кўпайган
13:22 / 2021-05-12

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев депутатларга маълум қилди.

Сессия ишида вилоят ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлар ва муассасалар, сиёсий партиялар, доимий комиссиялар раислари, сенаторлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, вилоят ҳокимлигининг гуруҳ раҳбарлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 3 ойи мобайнида вилоят ҳудудида жами 933 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 330 тага, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 275 тага кўпайган.

Қайд этилган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 47 тадан тўғри келади. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 16 тага ўсган. Рўйхатга олинган жиноятларнинг 474 таси жорий йилда, 459 таси аввалги йилларда содир этилган. 313 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббуси билан аниқланган. 620 таси олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардир. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ички ишлар органлари ташаббуси билан жиноятларнинг аниқланиши 51 тага яхшиланди.  

Сессияда вилоят ҳудудларида содир этилаётган жиноятлар шаҳар-туманлар, секторлар, маҳаллалар кесимида бирма-бир таҳлил қилинди. Хизмат фаолияти давомида ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлар учун сектор раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари кескин огоҳлантирилди.  

Масала муҳокамасида қатнашган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов вилоят ҳудудида содир этилишига йўл қўйилган жиноятлар юзасидан фақатгина профилактика инспекторлари ва бошқа ички ишлар органлари ходимлари эмас, балки сектор раҳбарлари, идора ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳамкорлиги зарурлигини таъкидлади. Бу борада халқ вакилларининг ҳам фикрлари тингланди.

 

Зариф Комилов, ЎзА