French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода ўрганишлар олиб борилди
08:12 / 2025-10-10

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишиш мақсадида Республика Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида бўлди.

Дастлабки манзил “Бўзачи” маҳалласи бўлди. Бош вазир ўринбосари бу ерда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази” фаолияти билан қизиқди. Марказда хориждан, меҳнат миграциядан қайтиб келиб, шу ерда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Филлура Қурбонованинг тикувчилик иши мутасаддиларни бефарқ қолдирмади.

-Тикувчилик фаолиятимни бошлаганимга кўп бўлмади. Шундай бўлсада, буюртмаларим бисёр. Ўз ҳунарим ортидан кунига 300 минг сўмгача даромад топяпман. Бундан ташқари, маҳалладаги 4 нафар хотин-қизни ўзимга шогирд қилиб олиб, ҳунаримни ўргатяпман. Касб-корли аёл ҳеч қачон кам бўлмайди. Цехимизда эса тикув машиналарни кўпайтириш, янги иш ўринларини яратишни мақсад қилганмиз, - дейди чевар Филлура Қурбонова.

Зулайҳо Маҳкамова тумандаги “Ахтам Даврон” фермер хўжалиги даласида бўлди. Бу ерда пахта теримида фаол иштирок этаётган  отряд раҳбарлари ҳамда теримчилар билан самимий кечган учрашувда пешқадам фаолларга эсдалик совғалари улашилди.

Деҳқончилик билан бирга чорвачиликда ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда кўп тармоқли фаолиятини ривожлантираётган “Бухоро Агрокластер чорва” масъулияти чекланган жамият Бош вазир ўринбосари эътиборидан четда қолмади. Бугунга келиб мазкур чорвачилик мажмуасида гўшт ва сут етиштириш йўлга қўйилган. Кунига 30 тоннага яқин сут олиниб, қайта ишламоқда. 

Зулайҳо Маҳкамова мажмуани кўздан кечирар экан, корхонанинг келгусидаги режалари, истиқболдаги лойиҳалар амалиёти билан ҳам танишди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мажмуада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича ўз тавсияларини берди.

Шундан сўнг, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган  “Беш ташаббус маркази”да ҳам ўрганишлар олиб борилди. Бу ерда хотин-қизлар ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни секцияларга жалб қилишга доир шарт-шароит яратилган. “Оила ва хотин-қизлар маркази” ҳам айнан шу ерда жойлашган. Мазкур марказда малакали психологлар, бошқа масъуллар томонидан оилавий зўравонликка учраган хотин-қизларга руҳий ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. 

Бундан ташқари, ҳудудда фитнес ва гимнастика заллари маҳалла хотин-қизларининг хизматида. Ўрганишлар якунида мазкур масканда республика миқёсидаги тадбирлар ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Тегишли масъулларга қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.