Бухоро вилоятида ҳам эрта тонгдан “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди.
Ҳашар давомида вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғини, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, болалар майдончалари тартибга келтирилмоқда. Асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ҳашар куни Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қулоч ёзган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда кўплаб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлимида ташкил этилган тезкор штаб маълумотларига кўра, ҳашарда 400 мингдан зиёд фуқаролар иштирок этаётган бўлса, шундан, 230 мингдан зиёдини ёшлар ташкил этмоқда.
[gallery-11035]
— Ҳозирга қадар 664,9 гектар майдонлар ободонлаштирилди, –дейди Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими шўъба мудири Фарҳод Дурбаев. – 861,5 тонна маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. 77,3 километрдан ортиқ ариқ ва лотоклар тозаланди. 821 та қабристон ва 47 та зиёратгоҳлар ободонлаштирилди. 38 минг 762 та мевали, 77 минг 382 та манзарали ҳамда 99 минг 460 та гул кўчатлари ўтқазилди. Ҳашар ишларига 650 та техника воситалари жалб этилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатиш борасида уй-жойи таъмирга муҳтож 173 та оила хонадонлари таъмирлаб берилади. Бунга 50 миллион 394 минг сўм маблағ сарфланади. Шундан 47 миллион 764 минг сўми “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан. 611 та эҳтиёжманд оилаларга 148 миллион 914 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади. Шундан 118 миллион 783 минг сўми “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан сарфланади.
Вилоятда барча давлат органлари, ташкилот ва муассасалар қатори Рақамли технологиялар вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбар-ходимлари тизим ташкилотлари билан биргаликда умумхалқ ҳашарига бел боғлашди. Бўлинманинг шаҳар ва туманлардаги корхона ҳамда ташкилотларида умумхалқ ҳашари муносабати билан атроф ободонлаштирилди. Дарахтлар, йўл ёқалари оқлаб чиқилмоқда.
— Бўлинма тасарруфидаги шаҳарнинг сўлим гўшаларида жойлашган “Алоқачи” ёзги оромгоҳи мавсумда кўплаб болажонлар учун ўз бағрини очади, – дейди бўлинма раҳбари Алижон Яхшиев. – Болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришида оромгоҳда ҳам ҳашар куни ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Дарахт, гул, кўчатлари ўтқазилди. Болажонларга мавсум давомида мароқли дам олишлари, жисмоний чиниқиб соғлиғини мустаҳкамлаши учун зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, кам таъминланган, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандини мавсумда оромгоҳга жалб қилиш бўйича аниқ чоралар ҳам белгиланди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА