Кўҳна ва боқий Бухорода “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шоири остида байрам сайли бўлиб ўтди.
Она табиат бутун борлиққа сеп ёйиб, сахий бобоқуёш ўзининг қайноқ тафти ила Она-заминга ҳаёт, кўнгилларимизга ажиб илиқлик бахш этаётган шу кунларда Наврўз байрами муносабати билан “Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий маркази жойлашган сўлим боғ байрамона безатилди. Ярмаркалар ва кўргазмалар ташкил этилди. Миллий урф-одат ва тарихий анъаналар, қадриятлар намойишига айланган мазкур тадбир шаҳар ва туманлар ва улардаги маҳалла ва чекка аҳоли пунктларида зўр иштиёқ ва кўтаринки кайфиятда нишонланиб, бугун вилоят марказига кўчди. Унда барча шаҳар ва туманлар жамоатчилик вакиллари, миллий маданий марказлар, корхона ва ташкилотлар, муассаса ва маҳаллалар масъуллари, юртимиз халқ хўжалиги тармоқларида ўз беминнат хизмати билан ҳурмат-эътибор қозонган фидойилар, меҳнат фахрийлари ва албатта, ҳар соҳада етакчилик иқтидорини намоён этаётган ёшлар вакиллари, қолаверса, қадим юртимизга ташриф буюрган сайёҳларни кўриш мумкин эди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон – умумий уйимиз бўлса, Бухорои шариф ҳам шу мустаҳкам уйнинг юраги. Бухорода кечадиган ҳеч бир байрам хорижлик сайёҳларсиз ўтмайди. Бугун ҳам Наврўзни улар билан биргаликда нишонлаяпмиз.
[gallery-11071]
– Ҳайратдаман бу каби майдонларда сайлларни кўриб лол қоляпман, дейди ўзини Маллаҳ деб таништирган америкалик сайёҳ. –Бизда ноябрь ойида миллий байрам бўлади бунга совға улашади. Баҳорда янги ҳаёт бошланиши деб байрам сайллари бўлади. Энг асосийси юртингизни тинчлигига кўз тегмасин. Байрамлар байрамларга улансин. Мен бугунги байрамда зўр таассуротларни олдим. Юртимга қайтганда албатта таассуротларимни ўртоқлашаман.
Тадбирда сўз олган Бухоро ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни яшариш ва янгиланиш айёми билан самимий муборакбод этди. Ҳар соҳада кечаётган ислоҳотлар бу байрамга янгича руҳ бағишлаётгани, Наврўз деганда аввало, кўз ўнгимизда минглаб одамлар иштирок этаётган сайллар, кўпкарилар, дошқозон атрофидаги ўйин-кулгилар ва халқимизга хос хайрли ва эзгу амаллар акс этиши алоҳида таъкидланди. Шундан бўлса керак, уйғониш фаслининг бетакрор айёми Наврўзга айнан табиат гўзаллиги, яшариш ва янгиланиш хос.
Буюк тарихчи бобокалонимиз Муҳаммад Наршахий бундан минг йилларча муқаддам ёзиб қолдирган тарихий асарларида Бухоронинг ўзига хос байрамлари ҳақида маълумот берар экан, Наврўзнинг ўзгача завқу шавқ, хурсандчилик билан нишонланганлигини алоҳида қайд этади. Наврўз ўзига хос бетакрор бир олам бўлиб, инсон зотини табиат билан доимо уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшашга даъват этадиган ўзаро меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайру саховат рамзи ва белгисидир.
Айни Наврўз чоғида барчамиз ўзимизнинг табиат фарзанди эканимизни, халқимизга хос миллий қадрият ва анъаналар нечоғлик теран ва сермазмун, маданиятимиз нақадар бой эканини бутун қалбимиз билан англаймиз. Бошқача айтганда, мамлакатимиз Президентининг “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқимиз бу улуғ байрамни “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шоири остида кенг нишонламоқда.
Мана шундай бахтиёр дамларда Ватанимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, серқуёш диёримизда ҳукм сураётган осойишта ҳаётни кўз қорачиғимиздек асраш, азиз фарзандларимизни турли иллатлар ва бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини яна бир карра чуқур ҳис этмоқдамиз.
2023 йил –“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурида ҳам фуқароларнинг кўнглида кечаётган ўй ва уларни қийнаб келаётган масалаларга эътибор қаратилаётгани ҳудудлар ва кўнгиллар ободлигини таъминлаш ҳар бир раҳбар, мутасаддининг устувор вазифаси эканлиги далолати. Бу тамойил эса Янги Ўзбекистонимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун эканлигининг амалий ифодасидир. Ана шундай халқчил ислоҳотлар натижасида юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани сингари вилоятимизда ҳам кўплаб замонавий корхоналар, йўл ва коммуникация тармоқлари, шинам турар-жойлар, худди шундай, янги боғча ва мактаблар, олийгоҳ ҳамда маданият масканлари, тиббиёт ва спорт иншоотлари, “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд қилинмоқда. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари қаторида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бектакрор айёмда Наврўзнинг олижаноб қадриятларидан куч-қувват ва илҳом олган халқимиз маҳаллаларда ҳашарлар қилиб, кўчат ва гуллар экиб, янги боғ-роғ, сайилгоҳлар яратмоқда.
Қолаверса, жорий шарқона янги йил билан уйғун тарзда муборак Рамазон ойининг ҳам кириб келиши барчамизда бошланажак мавсумнинг қут-барокатли, файз-саодатли бўлишига умид уйғотмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА