Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода “Наршахий” истироҳат боғи очилди
11:39 / 2023-07-20

Бухоро шаҳри катта қурилиш майдонига айланган, десак муболаға бўлмайди. Шаҳарнинг кўплаб ҳудудларида аҳоли турар жойлари, иншоотлар, йўллар, шунингдек, аҳоли дам олиш масканлари бунёд этилмоқда. Ана шундай иншоотлардан бири собиқ Тўқимачи деҳқон бозори ўрнида барпо этилган “Наршахий” истироҳат боғидир. Боғ учун Алпомиш ва Мустақиллик кўчалари кесишмасидаги очиқ, бўш турган ер майдонидан 1,7 гектар ажратилди.

Боғни барпо этиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1000 тупга яқин дарахт кўчатлари ўтқазилди. Аҳоли дам олиши учун махсус шийпончалар, велойўлак ва пиёдалар йўлакчалари барпо этилди. “Golden Iran” МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан тунги ёритиш чироқлари, 60 дона ўриндиқлар, ахлат ташлаш қутилари ўрнатилди. Шунингдек 25х5 ҳажмдаги 2 қаватли фаввора ва 5 метр баландликда кириш дарвозаси ҳам бунёд этилди.

Истироҳат боғида коммуникация тармоқлари ҳам  янгиланди. 200 метрдан электр кабеллари тортилиб, янги трансформатор ўрнатилди.Савдо қилиш учун  8 дона 6х3 ҳажмдаги енгил конструкцияли контейнерлар ўрнатилди.

Маълумот учун, Наршахий боғи “Бухоро тарихи” асарининг муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий номи билан аталган. Наршахий 943-944 йилларда мазкур асарни араб тилида ёзган. Наршахий номи Ўрта Осиёнинг 8-12 асрлар тарихига оид деярли барча илмий тадқиқот ишларида тилга олинади. Аммо манбаларда унинг ҳаётига оид бирор тўлиқ маълумот келтирилмайди. Муҳими шундаки, Наршахий томонидан 1000 йиллар муқаддам ёзилган “Бухоро тарихи” асари тарихнавислик фанидаги дастлабки асарлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Бухоро тарихининг қимматли бош манбаи сифатида эътироф этилади. Кенг жамоатчилик вакилларининг таклифларига кўра, Бухоро шаҳрида янги бунёд этилган мазкур боғ ана шу буюк аллома шарафига бағишланди.

Халқимизнинг “Яхшидан боғ қолади” деган азалий нақли бор. Бу ҳикмат айни кунда янгича мазмун ва моҳият касб этган. Юрт ободлиги ҳам шу каби эзгу амаллардан бошланади. Кўнгилга файз беради, яшашимиз мазмунини белгилайди. Бу боғ ҳам минг йиллар давомида келажак авлодга хизмат қилади.  

 

Зариф Комилов,

ЎзА