Бухорода Мутал Бурҳонов қабри зиёрат қилинди
Бухорода Давлат мадҳиясининг мусиқасини яратган Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов қабри зиёрат қилинди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, ҳарбийлар, санъаткорлар, спортчи ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Унда сўзга чиққанлар томонидан мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилгани таъкидланди.
Давлат рамзларида, айниқса, мадҳиямизда халқнинг азалий орзулари, унинг эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этган. Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамлангани ҳам аҳамиятлидир.
Буюк мусиқашунос қабри пойига гул қўйилди. Тадбир давомида Мутал Бурҳоновни хотирлаб, унинг ҳаққига қуръон тиловат қилинди.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА